Болалар касалликлари – асосан, болалар орасида учрайдиган ёки болалик даврида ўзига хос кечадиган касалликлар гуруҳи. Боланинг ривожланиш хусусиятларига кўра она қорнида ўсиш даври, чақалоқлик даври, бола тутилгандай кейинги (4 ҳафта), эмизикли даври (бир ёшгача), ясли даври (3 ёшгача), мактабгача даври (7 ёшгача), бошланғич мактаб ёшидаги (12 ёшгача) ва ўсмирлик ёки балоғатга етиш даври (18 ёшгача) фарқ қилинади. Она корнида ўсиш даври боланинг шаклланишида муҳим роль ўйнайди; ҳомиладорлик давридаги зарарли омиллар (касалликлар, интоксикацилар, турмуш ва овқатланиш шароитининг какўстлиги, дори-дармонлар таъсири) онагагина эмас, қорнидаги ҳомиланинг ўсиши ва ривожланишига хам таъсир этади. Бу даврда кўпроқ туғруқ вақтидаги зарарланишлар (асфиксия, шикастланишлар, фалажлар, стафилококк инфекциялар) кузатилади. Чақалоқлар айрим инфекцион касалликларга туғма чидамли бўлади, бироқ уларга (айниқса, чала туғилган болаларга) йиринглатувчи микроблар, аввало, стафлококклар тез таъсир қилиб, киндик жароҳатнинг йирингли яллиғланишига, чилла ярага ва ҳатто чақалоқлар сепсиси каби оғир касалликка сабаб бўлади. Бу даврда зотилжам ҳам хавфли касаллик ҳисобланади. Эмизикли даврида бола овқатнинг ўзгаришига мослашиши анча қийин, уни нотўғри овқатлантирилганда меъда-ичак бузилишлари (диарея, ичак инфекциялари ва бошқа(лар)), моддалар алмашинувининг бузилиши кузатилади. Бу даврда нафас ва ҳазм аъзоларининг касалликлари оғир ўтади; болани нотўғри овқатлантириш, соф ҳаво ва қуёш нуридан етарли баҳраманд этмаслик натижасида рахит авж олади, диатез, спазмофилия бот-бот учрайди. Ясли ёшидаги ва мактабгача тарбия ёшидаги болаларга ўз тенгқурлари билан ўйнаб юрган чоғида кўкйўтал, қизамиқ, дифтерия, тепки ва бошқа(лар) юқиши мумкин. Бундан ташқари, онасдан ўтган иммунитетнинг кучи йўқолади. Шу боис бу даврда болалар эмланиб (вакцинация), иммунитет вужудга келтирилади. Мактаб ёшидаги болаларда юқумли касалликлар кўпроқ учрайди. Эмизикли бола кўкйўтал ва қизамиқ билан оғриғида, кўпинча, ўлкаси ҳам яллиғласа, мактаб ёшидаги болаларда бу касалликлар аксари асоратсиз ўтади (ўпка яллиғланмайди). Бошланғич мактаб ёшидаги болаларда ангина, юрак ва буйрак касалликлари, шунингдек, аллергик касалликлар кўпроқ учрайди. Каттароқ болаларда ва ўсмирлик (балоғатга етиш) даврида юрак-томир, нерв ва эндокрин тизимлар (ички секреция безлари) фаолиятида жиддий ўзгаришлар рўй беради. Соф ҳаводан етарли баҳраманд бўлмайдиган, спорт билан шуғулпамайдиган, кун тартибига риоя қилмайдиган ўқувчиларда бу тизимлар кўпроқ касалланган. Демак, болалар касалликларининг турли шакллари организмнинг чидамлилигига, юқумли касалликларга қаршилик кўрсатиш кучига, боланинг ёшига боғлик. Ҳар бир касаллик, у қандай бўлишидан қатьи назар (юқумли ёки юқумсиз), жисмонан баркамол, соғлом болада енгилроқ, озғин, нимжон болада эса оғирроқ ўтади. Бир хил микроб қўзғатган касаллик боланинг турли ёшида турлича кечади. Болалар касалликларининг олдини олишда бола организмининг ўзига хос хусусиятлари кўзда тутилади. Эмизикли даврда она суди энг мақбул озиқ бўлиб, болани қўшимча овқатлантириш зарурияти бўлганда фақат шифокор (педиатр) билан маслаҳатлашиб олиш керак. Гўдакларни сут ошхоналари орқали овқатлантиришнинг тўғри ташкил қилиниши катта аҳамиятга эга. Болалар касалликлари қанча барвақт аниқланиб, вақтида даволанса, асорати қолмайди. Бунинг учун катталар ва ота-оналар болалар касалликларининг олдини олиш усулларини ва дастлабки белгиларини билишлари, болада касалликка хос бирор аломат сезганда дарҳол шифокорга мурожаат этишлари зарур.