Болалар поликлиникаси – 14 ёшгача бўлган болаларга тиббий ёрдам кўрсатадиган даволаш-профилактика муассасаси. Болалар поликлиникаси болалар касалхонаси таркибига кириши ёки мустақил ҳолда фаолият кўрсатиши ҳамда кўп тармоқли бўлиши мумкин. Қишлоқ жойларда марказий туман касалхоналари қошидаги пликлиникаларда болалар маслаҳатхонаси бўлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда (Тошкент ш. да) катталар ва болалар поликлиникалари ҳамда аёллар маслаҳатхонасида «оилавий шифокор» омиллари асосида тиббий ёрдам кўрсатадиган оилавий поликлиникалар ташкил қилинган. Бу жойларда Б. п. вазифасини оилавий поликлиникалар бажаради. Шу билан бирга, болалар консультативдиагностика поликлиникалари (марказлари) ҳам очилган. Болалар поликлиникасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатадиган хоналар (жарроҳ, логопед, ревматолог, тиш, кўз, бурун-томок ва қулоқ касалликлари, бадан тарбия ва уқалаш хоналари), уйда ёрдам кўрсатиш ва соғлом болалар бўлими, сут ошхонаси мавжуд. Болалар поликлиникасида тез-тез қўзиб турадиган касалликлардан азият чекадиган беморлар диспансер кузатувида бўлади. Болалар поликлиникасида бир неча шифокор бўлса, уларнинг ҳар бири маълум участкаларга бириктириб қўйилади. Участка ҳудудида яшайдиган ҳар бир шифокорга 1-2 ҳамшира ёрдам беради. Болалар поликлиникаси соғлом болаларнинг асабий-руҳий, жисмоний ривожланишини мунтазам кузатиб бориш, маслаҳатлар бериш, болалар ва уларнинг ота-оналарини санитария-гигиена жиҳатидан тарбиялаш ишларини амалга оширади. Шунингдек, боланинг жисмоний ривожланишига алоҳида аҳамият берилади; гавда вазни ўлчамлари (антропометрия) қайд қилиб борилади.
[addtoany]