Болалар психологияси

Болалар психологияси – психология соҳаси, болалар психологик ривожланишининг умумий ва алоҳида хусусиятларини, турли ёш босқичларида бу жараён қандай кечиши, уни ҳаракатлантирувчи кучлар ва қонуниятларни тадқиқ қилади. Шу сабабли болалар психологиясини, кўпинча, ёш психологияси деб атайдилар.

Болалар психологияси болаларда психик жараёнлар (маърифий, нутқий, ҳиссий, иродавий ва ҳ. к.) пайдо бўлиши ва ривожланишини, психик хусусиятлар қарор топишини, хилма-хил фаолиятнинг (ўйинлар, ўқиш, меҳнат) ривожланишини, боланинг шахс сифатида шаклланишини ўрганади. Болалар психологияси умумий психологияда ишлаб чиқилган тадқиқот усулларидан фойдаланади, бироқ уни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Бола шахси ёш хусусиятларини ўрганишда кўндаланг кесма ва лонгитюд деб номланган тадқиқотлар ўтказилади.

Биринчи ҳолатда биргина психик жараённинг ўзи бир вақтда турли ёш гуруҳларига тааллуқли бўлган болаларда тадқиқ қилинади. Иккинчи ҳолат (лонгитюд)да эса маълум бир (алоҳида танлаб олинган) болаларнинг психик хусусиятлари кўп йиллар давомида тадқиқ қилинади. Бу эса, ўз навбатида, улар психикаси ривожланишининг умумий кечишини кузатиш имкониятини беради.

Болалар психологияси 19-а. ўрталарида мустақил фан сифатида ажралиб чиқа бошлади. У педагогика психологияси, пед., олий асаб фаолияти физиологияси билан чамбарчас боғланган. Унинг маълумот ва хулосалари ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялаш назарияси ва амалиёти учун, умумий психология учун муҳим аҳамиятга эга.

[addtoany]