Бош истисқоси, гидроцефалия, мия истисқоси – калла бўшлиғида орқа мия суюқлигининг ортиқча йиғилиши ва калла ичи босимининг ошиши оқибатида келиб чиқадиган касаллик. Туғма ва орттирилган хиллари бор. Туғма бош истисқоси онадаги юқумли касалликлар, шикастланиш ва заҳарланишнинг ҳомилага таъсири натижасида вужудга келиб, бола туғилиши биланоқ юзага чиқади. Бунда боланинг боши жуда тез катталашади, айниқса, пешона ва тепа суяк дўмбоғи туртиб чиқади, суяклари юкалашади; чекка ва пешона соҳасидаги вена томирлари бўртади, кўриш, эшитиш фаолияти бузилади, қўл-оёқ қисман фалажланиб, кейинчалик тузук юра олмайди. Моддалар алмашинуви (сув, карбонсув ва ёғ алмашинуви) издан чиқади; ёғ алмашинувининг бузилиши туфайли баъзан беморни ёғ босади ёки, аксинча, жуда озиб кетади. Бола жуда бўшанг, уйқучан бўлади, руҳий ривожланиши кечикади. Орттирилган бош истисқосида тутилгандай кейин бош мия пардасининг инфекцион касалликлари (менингит ва менингоэнцефалит) ёки калла шикастланиши (кўпинча тугилишда шикастланиши) натижасида рўй беради. Бош истисқосининг бу хилида беморнинг эс-ҳуши деярли ўзгармайди. Бунда бош айланади, қаттиқ оғрийди, бемор қайт қилади, оғирроқ кечганида эса ҳушидан кетади, қўл-оёғи фалаж бўлиб қолади. Бош истисқосининг олдини олиш учун касалликка сабаб бўлган омилларни вақтида бартараф этиш, даволаш эса калла ичи босимини камайтиришга қаратилиши лозим.
[addtoany]