Бўғим – суяклар (баъзан пайлар)нинг ҳаракатчан бирикиши, бунда бириккан юза оралиғида бўшлиқ (ёриқ) бўлади. Бўғим ҳосил бўлишида иштирок этадиган суякларнинг (бирида бўғим бошчаси, иккинчисида эса бўғим чуқучаси бўлади) синовиал суюқлик билан тўла. Бўғим бўшлиғи ва бошқа(лар) халтаси фарқ қилинади. Суякларнинг бир-бирига бириккан учлари бир хилда бўлмайди. Кўпинча, оёқ-қўлнинг найсимон суяклари бўғим соҳасида йўғонлашиб, бошда, суякнинг қарама-қарши юзасида эса ботиқчалар ва майдончалар ҳосил қилади. Суякларнинг бўғим юзалари унинг найлари билан қопланган бўлиб, улар ҳаракат вақтида содир бўладиган забларни камайтиради ва эркин ва эластик ҳаракат қилишига имкон беради. Бўғим ҳосил қилишда иштирок этадиган суякларнинг учлари бириктирувчи тўқимадан тузилган бўлиб, бўғим халтаси билан, ички томондан эса синовиал парда билан ўралган. Бу парда пайлар юзасини намлаб турувчи ва улар ҳаракатини енгиллаштирувчи суюқлик ишлаб чиқаради, акс ҳолда, ҳаракат чоғида бўғим ҳосил қилган суякларнинг юзалари ўзаро ишқаланиб оғриқ пайдо қилади ва ҳаракат чекланади. Кўпчилик Б. халтаси бойламлар билан мустаҳкам ўралган. Бўғим эгаллаган шаклига қараб шарсимон (кўп ўқли), ғалтаксимон (бир ўқли), тухумсимон (икки ўқли) ва бошқа турлари бўлади. Шарсимон бошчали суяк Б. и (масалан, елка суяги) энг серҳаракат ҳисобланади, тухумсимон бошчали суяк Б. и (масалан, болдир-оёқ панжаси)да букилиш-ёзилишдан бошқа ҳаракатлар чегараланган; баъзи суяк Б. лари (масалан, билак-тирсакда билак суяги) айланма ҳаракат қилиши мумкин. Қатор Б. ларнинг ёрдамчи тузилмалари бўлиб, уларни пайлар (тизза, жағ), дисклар, менисклар ёрдамида мослаштириб, мустаҳкамлаб туради. Баъзи суяклар ўзаро Б. ёрдамисиз, бириктирувчи тўқималар, бойламлар ва пайлар ёрдамида бириккан бўлади (масалан, калла суяги орасидаги чоклар, чаноқ бойламлари, умуртқалар орасидаги пай дисклари ва бошқалар). Бўғим ҳаракати одамнинг тик юриши, букилиши, ишлаши ва бошқа(лар) ҳолатларини таъминлайди. Бу тузилмалар совуққа, касалликларга, шикастларга, моддалар алмашинуви бузилишига ўта таъсирчан бўлади, шу боис уни бу иллатлардан ҳимоя қилиш лозим. Мунтазам равишда бадан тарбия билан шуғулланиш Б. ни мустаҳкамлайди ва уларни ташқи муҳит таъсиротларига чидамини оширади. Бўғим касалликларидан унинг шикастланиши (суяк чиқиши), артроз (туғма ёки моддалар алмашинувининг издан чиқиши туфайли), яллиғланиш (артрит) кўпроқ учрайди. Шунингдек, Б. ларнинг қимирламай қолиши (анкилоз), ҳаракатининг вақтинча ёки бутунлай чекланиши (контрактура) кузатилади.
[addtoany]