Чала туғиш – ҳомиладорлик муддати туғмай (ҳомиладорликнинг 29 ҳафтасидан 38 ҳатасигача) тутиш. Бунда ҳомила вақтдан аввал, чала туғилади (қ. Чала туғилган бола). Эркак уруғидаги нуқсонлар, тухум ҳужайранинг тўла ривожланмаганлиги, ирсий омиллар, эр-хотининг яқин қариндош бўлиши, плацентанит бачадонга нотўғри бирикиб қолиши, ҳомиланинг тескари ётиши, аёл нерв ва эндокрин тизимининг бузилиши (масалан, тухумдонлар, қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши, диабет), ҳомиладорлик токсикозлари, аборт, камқонлик, ўткир ва сурункали юқумли касалликлар (масалан, бруцеллёз, токсоплазмоз, грипп, ангина, вирусли гепатит ва бошқа(лар)), шунингдек, ички жинсий аъзоларнинг турли сабаблар билан яллиғланиши, уларда ўсма пайдо бўлиши, аёл жинсий аъзоларининг етарли ривожланмаганлиги (инфантилизм), она билан ҳомила қон гуруҳлари ва резус-факторининг номутаносиблик ва бошқалар чала туғишга сабаб бўлади. Асабий-руҳий ва жисмоний шикастланишлар, оғир иш шароити, оиладаги нотинчлик ва бошқа(лар) ноқулай таъсиротлар вақтдан аввал туғишга олиб келади. Буйрак, жигар, юрак-томир, нерв касалликлари билан оғриган аёлларда ҳам чала туғиш кузатилади. Бунда она билан ҳомила ўртасидаги қон айланиши бузилади, ҳомиланинг кислород билан таъминланиши ёмонлашади ва бу вақтдан аввал туғишга олиб келади. Чала туғиш аксарият жуда ёш ёки ёши 35 дан ошиб биринчи марта туғаётган аёлларда учрайди. Даво чала туғишга сабаб бўлган асосий касалликка қараб белгиланади. Чала туғиш эҳтимоли бўлган аёл ҳомиладор бўлгунича ҳамда ҳомиладорлик даврида даволаниши лозим. Олдини олиш чала туғиш сабабларини ўз вақтида аниқлаш ва уни даволаш чора-тадбирларидан иборат.
[addtoany]