Чала туғилган бола – ҳомиладорлик муддати тугамай (ҳомиладорликнинг 29-ҳатаси билан 38-ҳафтаси ўртасида) туғилган бола. Вазни 1000 г дан 2500 г гала, бўйи 45 см атрофида бўлади.
Чала туғилган бола нормал ривожланган бўлса ҳам ўзи мустақил эма олмайди, шунинг учун уни алоҳида парвариш қилиш талаб этилади. Чала туғилган бола ҳаётининг дастлабки ҳафтасида кўрсатиладиган самарали парвариш фақат касалхонанинг махсус бўлимларида шифокор назорати остида олиб борилади.
Чала туғилган бола кўриниши, аъзо ва тизимларининг ривожланишига кўра нормал туғилган боладай ажралиб туради (қ. Гўдак). Чала туғилган бола жуда кўп ухлайди, йиғиси зўрға эшитилади. Териси юпқа, қуруқ, кўпинча, оч пушти ёки қизғиш бўлиб, бужмайиб туради. Танаси майин тук билан қопланган, тери ости ёғ қатлами анча заиф; оёғи танасига нисбатан калтага ўхшаб кўринади; боши катта, қулоқ супраси юмшоқ, бошига ёпишганроқ бўлади.
Ички аъзолари ривожланган, лекин функционал жиҳатдан анча заиф; юқори нафас йўллари нозик бўлиб; кўкрак қафаси нафас олишда кам қатнашади. Нафас олиши тез ва нотекис, юзаки, пульси суст, қон яратиш тизими яхши ривожланмаган. Меъда-ичак тизими номукамаллиги сабабли ич келиши турғун бўлмайди (кўпинча яшил бўлади). Буйрак фаолиятлари ҳам суст ривожланган; қиз болаларда жинсий тешик сал очиқ, ўғил болаларда эса мояк ҳали ёрғоққа тушмаган бўлиши мумкин.
Чала туғилган боланинг нерв тизими ҳам функционал жиҳатдан яхши етилмаган бўлиб, унинг организми ҳароратни бир меъёрда ушлаб тура олмайди (тез қизиб ёки совиб кетади).
Чала туғилган бола жисмоний ривожланишининг (ҳаётининг биринчи йилида) ўзига хос хусусияти бор. Бундай болалар вазни бир ойда нормал туғилган болаларникига нисбатан жуда кам, лекин нормал туғилган болаларга қараганда кейинги ойларда тез ўсиб, вазни ҳам тез ортади. Бола қанча кам вазн билан туғилган бўлса, вазни шунчалик тез ортади.
Чала туғилган бола организмнинг функционал жиҳатдан етилмаганлиги, унга, айниқса, биринчи ой давомида бирмунча қулай шароит яратиб, яхшилаб парвариш қилишни тақозо этади, уни ҳарорат, ёруғлик, товуш ва бошқа(лар) таъсиротлардан сақлаш, асептика ва антисептика қоидаларига риоя қилиш зарур.
Вазни 2000 дан 2500 г тана бўлган чала туғилган болага аҳволи ва уй шароитига қараб врач рухсати билан туғруқхонадан уйга жавоб берилади. Вазни кам бўлиб туғилган бола махсус стационар шароитида парвариш қилинади. Вазни 1500 г дан кам бўлиб туғилган болалар маълум ҳароратли, ҳавоси нам ва кислороди бор камера – кувеларда боқилади. Баъзан вазни тўлиқ болалар ҳам (тана ҳароратини бир меъёрда ушлай олмаса) кувезларда парвариш қилинади. Боланинг вазни 2500 г га етгандагина уйга жавоб берилади.
Уй шароитида чала туғилган бола ётган хонанинг ҳарорати 25° бўлиши лозим. Боланинг бошини баландроқ қилиб ётқизиш керак, сиқиб йўгаклаш ярамайди. Болага иссиқ юмшоқ ич кийим кийгизиб, пахмоқ адёлга ўраб қўйиш мақсадга мувофиқ (қўлларини ҳам). Бошига қалпоқча кийгизиб, юзи очиқ қолдирилади. Агар гўдак тез совиб кетса, унинг атрофига ва оёғига сочиққа ўралган грелкаларни тахм. 10 см йироқроққа қўйилади (сувининг ҳарорати 65° бўлиши керак). Бола исиб кетса, юзи қизариб, тана ҳарорати кўтарилиб, безовта бўла бошлайди. Бунда грелкалар сонини камайтириш ёки ҳаммасини олиб қўйиш, зарур бўлса, бир неча мин. га 1-2 сидра кийимини ечиш лозим. Агар у совиб кетса, териси оқариб, кўкиш тусга киради ва муздек бўлади, боланинг ўзи эса бўшашиб қолади. Бунда уни иссиқ адёлга ўраш ёки иссиқ ваннага (36-37°) солиш (5-7 мин) ва яна атрофига иссиқ грелкалар қўйиш лозим. Исиб ёки совиб кетишнинг олдини олиш учун грелкдаги сув ҳароратини термометр билан тез-тез ўлчаб туриш керак.
Чала туғилган бола фақат она сўта билан боқилса, яхши ўсади ва ривожланади. Уларда эмиш рефлеси (баъзиларида ютиш рефлекси ҳам) суст ёки умуман бўлмайди, дастлабки кунлари бола зонд орқали (кунига 10 марта), кейинчалик сўрғич орқали эмизилади, аста-секин кўкракдан эмишга ўргатилади.
Чала туғилган бола худди нормал туғилган болалар каби чўмилтирилади. Вазни 1500 г дан кам бўлган болаларни туғилганидан 3 ҳафта кейин, вазни 1500 г дан ортиқ болалар эса туғилганидан 10-15 кун ўтгач чўмилтирилади.
Соф ҳавода сайр қилдириш чала туғилган боланинг ўсиши ва ривожланишига яхши таъсир кўрсатади. Бу муолажа вазни 2500 г дан ортиқ болалар учун тавсия этилади. Қишда эса вазни 3000 г дан ортиқ болаларнигина очиқ ҳавода сайр килдиришга рухсат берилади. Лекин бунда жуда эҳтиёт бўлиш керак.
Чала туғилишнинг олдини олишни ҳомладорликка қадар бошлаш, аёллар ўзида мавжуд касалликларини ўз вақтида даволатишлри, шахсий ва жинсий гигиенага қатъий риоя қилишлари зарур (қ. Жинсий ҳаёт).
Ҳомиладорликнинг биринчи белгилари пайдо бўлиши билан аёллар керакли маслаҳатлар олиш учун шифокорга кўринишлари лозим (қ. Ҳомиладорлик). Ҳомиладор аёл тўғри овқатланиши, спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслиги, чекмаслиги лозим. Ҳомиладорлик токсикозлари пайдо бўлиши билан шифокорга мурожаат этиши керак.
[addtoany]