Чарчаш

Чарчаш, толиқиш, ҳориш – организмга ҳаддан ташқари зўр келиши натижасида меҳнат қобилиятининг пасайиши билан кечадиган физиологик ҳолат. Ақлий чарчаш интеллектуал меҳнат маҳсулдорлигининг камайиши, эътиборнинг бузилиши, фикрлашнинг сусайиши ва бошқалар билан белгиланади. Жисмоний чарчаш мушаклар кучи ва бир текисда ҳаракатланиши каби фалиятларнинг бузилиши билан кечади.

Ўта ва сурункали чарчаш фарқ қилинади. Ўта чарчаш зўр бериб жисмоний меҳнат қилиш натижасида рўй беради. Сурункали чарчаш турли функционал тизимлар ва бутун организмдаги ўзгаришларнинг ойлар ва йиллар давомида тўлиқ тикламаслиги билан боғлиқ.

Чарчашнинг тезлиги меҳнатнинг хусусияти билан белгиланади: бир тарзда туриб мушакларга зўр келадиган иш бажарилганда киши анча тез, бир маромдаги иш бажарилганда бирмунча кам толилди. Чарчашнинг юзага келишида одамнинг бжарилаётган ишга нисбатан муносабати ҳам муҳим роль ўйнайди. Кўпчилик одамларда эмоционал қўзғалиш даврида узоқ вақтгача чарчаш белгилари пайдо бўлмайди.

Етарли дам олмаслик ёки узоқ вақт ҳаддан ташқари зўриқиб ишлаш чарчашга ёки мадор кўришига олиб келади. Ақлий ва руҳий толиқиш фарқ қилинади. Ёш ва нерв тизими маълум бир тузилишга эга бўлган кишиларда жадал ақлий меҳнат неврозпарга олиб келади. Руҳий толиқиш «юрак Ҳиссиётга» тўлиб-тошган ва турли мажбуриятлари бўлган шахсларда кузатилади.

Мириқиб ухлаш ва фаол дам олиш иш қобилиятини тез тиклайди.

Оғир касалликларни бошдан кечирган кишиларда чарчаш тез юз беради. Арзимаган ва унча узоқ давом этмайдиган зўриқиш ҳам уларда бош оғриғи, ҳарсиллаш, тез юрак уриши, терлаш ва кувватсизликка сабаб бўлади. Бундай кишилар меҳнат тартибига ва иложи борича узоқроқ дам олишга қатъий амал қилишлари зарур.

Болалар организмининг анатомо-физиолгик хусусиятларига кўра ҳатто унчалик уримаганида ҳам (масалан, гўдак уйқудан қолганида, мактабда партада узоқ ўтирганида) тез чарчаб қолиши мумкин. Кун тартибининг нотўгрилги, бир турдаги машғулот, ортиқча ўйин-кулги ҳам тез чарчашга олиб келади.

Болаларда чарчаш белгилари, кўпинча, хати-ҳаракатнинг бузилишида кўринади: улар тоқатсиз, эътиборсиз, дарс вақтида гаплашадиган, яъни интизомсиз бўлиб қоладилар. Баъзи ҳолларда, айниқса, касалликларни бошидан кечирган болалар бўшанг, сусткаш, ҳорғин, кучсиз бўлиб, фикрлаганда бош оғриғи сезади.

Чарчаш баъзан бошдан кечирилган касалликнинг оқибати эмас, балки унинг бошлангич белгиси бўлиши ҳам мумкин. Болада бошдан кечирилган касалликка ёки ақлий ва жисмоний зўриқишга боғлик бўлмаган тез чарчаб қолиш ҳоллари юз берганида, албатта, шифокорга мурожаат этиш лозим.

Иш қобилиятини узоқ вақтгача сақлаб қолишнинг таъсирли воситаларидан бири – меҳнат фаолиятининг аниқ маромда бўлишдир. Тез Ч. ни олдини олишда меҳнат ва дам олишни тўғри йўлга қўйиш, иш куни давомида қисқа муддатли танаффуслар ташкил қилиш, шунингдек, иш жойини тартибга солиш, ва ўзини сал ҳориган ҳис қилганда, чарчоғини ёзадиган машқлар бажаришга муҳим эътибор бериш зарур.

Болаларда тез чарчаб қолишнинг олдини олиш учун уларнинг кун тартиби маромининг бузилишига йўл қўймаслик (тўйиб ухлашига, иш оғирлик килмаслигига, иш билан машғулони тўғри навбатлаштиришга, уларнинг очиқ ҳавода узоқроқ бўлишига имконият туғдириш) керак.

[addtoany]