Дефектология

Дефектология [лот. defectus – нуқсон ва ..логия] – жисмоний ва руҳий нуқсонли болалар ривожланишининг психофизик хусусиятларини ўрганиш, уларга махсус таълим-тарбия бериш, ундаги нуқсонларни йўқота бориш қонуниятларини ўрганувчи фан. Кўр ва кўзи ожиз, кар ва қулоғи оғир, ақли заиф, таянч-ҳракат аппаратида нуқсони бор, нутқ камчилгига эга бўлган болалар дефектология фани объектидир. Шунга кўра дефектология 4 алоҳида соҳага бўлинади: сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика, логопедия. Дастлаб сурдопедагогика ва тифлопедагогика пайдо бўлган (1770 й. карлар учун Испанияда, 1784 й. кўрлар учун Парижда махсус муассаса очилган). Кейинчалик логопедия ва олигофренопедагогикага асос солинган. Нуқсонли ва психофизик камчилиги бор болаларнинг руҳий қонуниятларини ўрганувчи махсус психология, шунингдек, таълим-тарбия бериш, нуқсонларни тузатиш, тиклаш воситаларини ишлаб чиқувчи сурдтехника ва тифлотехника ҳам дефектологияга киради. Дефектология анатомия, физиология, патофизиология, неврология, невропатология, эшитиш, кўриш ва нутқ патологияси, мактаб гигиенаси, умумий ва педагогик психология, пед., тилшунослик, болалар психологияси ва бошқа(лар) фанлар билан узвий боғланган. Дефектологиянинг асосий вазифаси нуқсонли болаларни аниқлаш, ташхис усулларини ишлаб чиқиш, улар учун махсус ва мужассамлаштрилган таълим-тарбияни ташкил этиш, ақлий ва жисмоний камчиликларни йўқотиш воситаларини излаб топиш, амалда қўллаш, уларни ҳаётга тайёрлаш, ижтимоий фойдали инсонлар қилиб етиштиришдан иборат.

Улкамизнинг буюк аллома, шоир ва мутафаккирлари, хусусан, Ибн Сино, Форобий, Юсуф Хос Ҳожиб, Навоий, Амир Темур ва бошқа(лар) дефектологияни изчил ва атрофлича муайян йўналишда ўрганмаган бўлсалар ҳам, ўз асарларида дфектологик ҳолатларнинг акс этиши, намоён бўлиши, ривожланиши, ўзгаришлари тўғрисида қимматли фикрлар билдиришган. Ўзбекистонда дефектологиянинг илмий-назарий, методик ва амалий тадқиқотлари билан Г. Ш. Айтметова, Е. Д.Гордиенко, Л. Р. Мўминова, Р. Шомаҳмудова, Ғ. Шоумаров ва бошқа(лар) шуғулланган. Жисмоний ва руҳий нуқсонли болаларни жамиятга фойдали кишилар қилиб тарбиялаш учун Ўзбекистонда махсус мактабгача тарбия муассасалари, махсус мактаблар, махсус интернат мактаблар мавжуд. Тошкент педагогика Университетининг пед. ва дефектология ф-тида махсус мактаб ва муассасалар учун дефектолог кадрлар тайёрланади (1967 й. дан).

[addtoany]