Дератизация [франц. deratisation – кемрувчиларни кириш] – юқумли касалликларни тарқатадиган ҳамда халқ хўжалигига иқтисодий зарар келтирадиган кемирувчиларни кириш. Профилактик ва қириб йўқотиш тадбирларини ўз ичига олади. Профилактик тадбирлар зараркунанда кемирувчиларнинг уя қуриши, овқатланиши ҳамда кўпайишига имкон берадиган шароитларни йўқотишга, тураржой, хўжалик биноларини, гўшт корхоналари, гўшт асраладиган музхоналар, аралаш ем корхоналари, элеватор, тегирмон, омборхоналарни улар киришидан ҳимоя қилишга қаратилган бўлади. Бунинг учун дон, ун, сабзавот, гўшт ва бошқа(лар) маҳсулотларни кемирувчилар тегмайдиган пайтларда сақлаш; уй ва ҳовлиларга, озиқ-овқат, ем-хашак сақланадиган биноларга кемирувчилар кирмаслиги учун уларни доим озода тутиш, қолган овқатлар солинадиган челаклар ва ахлат яшикларини ўз вақтида бўшатиб туриш, тешик-тирқишларни беркитиб ташлаш, ҳаво кирадиган туйнукларга металл тўр тутиш, подвал деразаларига ойна солиш ва сим тўр тутиш керак.
Кемирувчиларни киришни (биологик, механик ва кимёвий) профилактик тадбирлар билан бирга қўшиб олиб бориш зарур. Биологик усул билан киришда мушук, ит, баъзан типратикандан фойдаланилади. Йиртқич қушлар (япалоққуш, бургут ва бошқа(лар)), тулки, кирпи, мушук каби ҳайвонлар кемирувчиларни йўқотадиган табиий биологик кушандалардир.
Механик воситаларга қопқон, тузоклар киради. Кемирувчиларга қарши курашишнинг кимёвий усулида турли хил заҳарли моддалар қўлланилади. Бунда таркибида роденцидлар бўлган заҳарли хўраклардан фойдаланилади ёки улар кемирувчилар чиқадиган тешикка сепилади. Заҳарли моддалар билан ишлаганда эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилиш керак. Кемирувчилар пайдо бўлганда санэпидстацияга хабар қилиш лозим, у бутун бинода дератизация ўтказади.
[addtoany]