Дезинсекция [без… ва лот. insectum-ҳашарот] – юқумли касаллик қўзғатувчиларни тарқатадиган зараркунанда бўғимоёқлиларни йўқотиш учун қўлланиладиган чора-тадбирлар мажмуи. Бу чоралар одам ва ҳайвонларда турли инфекцион касалликларни ташиб юрадиган бўғимоёқлилар (кана, пашша, бит, чивин, искабтопар), шунингдек, тураржойлардаги суварак, қандала, бургаларни қириш учун ўтказилади. Профилактик ва қирувчи дезинсекция бўлади. Профилактик дезинсекцияга шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, чиқиндиларни вақтида чиқариб ташлаш, тураржой ва хўжалик биноларини озода сақлаш, ҳовуз ва арикларни тозалаш, ҳашаротлар пайдо бўлиши ва кўпайишининг олдини олиш киради. Қирувчи дезинсекция физик, кимёвий ва биологик усуллар билан амалга оширилади. Кўпроқ кимёвий воситалар (жумладан, инсектицидлар) қўлланилади. Улар таъсир этиш механизмига кўра тери орқали таъсир этадиган (хлорофос, трйхлофос ва бошқалар), ичак орқали таъсир этадиган (бор кислота, бура, бутадион ва бошқа(лар)) ва фумигант – ҳашарот организмига нафас йўллари орқали таъсир этадиган воситаларга бўлинади. Биологик дезинсекция усули заракунандаларни «бир-бирига едириш»га (масалан, патоген Микроорганизмлар, гельминтлар, вируслар ва ҳ. к.), физик дезинсекция эса юқори ёки паст босим билан таъсир этишга асосланади. Бу усуллар ёрдамида ҳашаротларнинг кўпайишига анча чек қўйилади.
[addtoany]