Дивертикул

Дивертикул [лот. diverticulum – ён йўл] – ковак (найсимон) аъзолар деворининг бўртиб чикишидан ҳосил бўлган халтум, ковакли бўртма. Туғма ёки ҳаётда орттирилган пульсион ва тракцион, яъни меъда-ичак тизими ичида босим ошганда ва улар деворини ташқи томондан чандиқлар тортиб турганда кузатиладиган хиллари фарқ қилинади. Ҳазм аъзоларидан қизилўнгач, ичак, меъда, шунингдек, қовукда кўпроқ, бошқа аъзоларда эса кам учрайди. Туғма дивертикул эмбрионал тараққиёт нуқсонларига боғлиқ (масалан, ингичка ичак дивертикул и). Ковак аъзо деворининг мушак ва эластик тўқимаси тузук рвожланмаганда, жароҳатланишдан кейин юпқа тортганда, аъзо бўшлиғидаги босим ошганда дивертикул пайдо бўлади. Бўртма икки ёки ундан ортиқ бўлса, дивертикулёз дейилади. Ковак аъзо ичидаги масса (масалан, қизилўнгачда – овқат, ичақда – ахлат) дивертикулдан чиқиб кетиши қийин бўлгани учун ушланиб қолиб, маълум чегарали яллиғланиш жараёни, яра пайдо бўлиши мумкин. Кичкина дивертикул ҳеч сезилмайди (симптомсиз ўтади). Бўртма катта бўлса, бирор белги кўринади, масалан, қизилўнгач Д. ида овқат ўтиши қийинлашади, ушланиб қолган овқат қусиб ташланади, бўйин дўппайиб туради, қовуқда бўлса сийдик чиқариш қийинлашади ва ҳоказо. Бўртманинг яллиғланиши – дивертикулит, қонаш, тешилиш, ярага, баъзан ракка айланиш, шунингдек, ичак тутилиши каби асоратларга сабаб бўлади. Дивертикул махсус (эндоскопик, рентгенологик) усуллар билан текшириб аниқланади. Бўртма яллиғланмаган бўлса, консерватив даво, асоратли шаклларида операция қилинади, Улар кўп бўлса, аъзонинг шу қисми кесиб олиб ташланади.

[addtoany]