Эндокринология институти

Эндокринология институти, Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги Эндокринология илмитадқиқот институти – илмий текшириш муассасаси. 1957 й. Ўлка тиббиёти илмий текшириш институти номи билан Тошкентда ташкил этилган. 1989 й. дан Ҳоз. номда. Эндокрин без касалликларини экспериментал ва клиник усуллар ёрдамида ўрганади ва даволайди. Ин-тнинг асосий илмий йўналиши Ўзбекистонда йод етишмовчилиги ҳолатини бартараф этиш, қандли диабет касаллиги, уни олдини олиш ва даволаш, асоратларини бартараф этишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш, болалар ва ўсмирларда кузатиладиган эндокрин хасталикларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш (паканалик, қандли диабет, буйрак усти бези ва жинсий безлар), гипофиз, бирламчи гиперпаратиреоз, қалқонсимон без хасталиклари, жинсий ривожланишдан орқада қолишнинг замонавий диагностикаси, шунингдек, республикада эндокринологик хизматни ташкил қилиш масалалари ва ҳ. к. га оид.

Ин-тда б илмий лаб., ташкилий-услубий бўлим, кутубхона, виварий ва 246 ўринга мўлжалланган клиника бор. Клиникада 12 бўлим, маслаҳат поликлиникаси, биокимёвий лаб., функционал диагностика, ядро тиббиёт бўлими, дорихона, рентген, ультратовуш ташхиси, гастродуоденоскопия ва стоматология хоналри бор.

Ин-тнинг жарроҳлик бўлимида йилига 700 га яқин (қалқонсимон без, қалқонсимон без олди безлари, буйрак усти бези, меъда ости бези ва жинсий без хасталиклари) операция қилинади.

Ин-т фаолияти A. А. Аскаров, Ё. X. Тўркулов, Р. Қ. Исломбеков, Э. Ғ. Қаюмов, Н. С. Кельгинбаев, Н. Р. Раҳимов, С. А. Маъсумов, Ш. Ш. Илёсов ва С. И. Исмоилов каби олимлар номи билан боғлик.

Эндокринология институтида Тошкент тиббиёт педиатрия институтининг Болалар эндокринологияси ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг Э. кафедралари мавжуд бўлиб, улар республиканинг бошқа тиббиёт ин-тлари кафедралари (Тошкент тиббиёт академияси, шунингдек, Андижон, Бухоро, Самарқанд тиббиёт ин-тлари) билан ҳамкорликда фаолият кўрсатади.

Ин-тда д-рлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослашган илмий кенгаш бор.

Загрузка...