Эписпадия [эий… ва юн. spadon – ёриқ] – сийдик чиқариш канали (уретра)нинг туғма нуқсони. Кўпроқ эркаклар, баъзан аёлларда учрайди. Эписпадиянинг бир неча кўриниши бор. Бунда сийдик чиқариш каналининг ташқи тешиги одат бошчасида, одат сиртининг турли жойида ёки қов остида (буни тотал эписпадия, тўлиқ эписпадия дейилади) бўлади. Одат бошчаси Э. сида одат бошчаси ёриқ, сийдик чиқариш каналининг ташқи тешиги тарновга ўхшаш очилиб, шиллиқ қавати кўриниб ётади. Бу Э. да бемор сачратиб сияди. Тўлиқ Э. да сийдик чиқариш канали бор бўйича ёрилган, одат яхши ривожланмаган ва қоринга тортилиб туради; қовуқнинг иккала сфинктери бўлмаслиги туфайли (баъзан қовуқ олд девори ҳам бўлмайди) бемор сийдик тута олмайди. Одат сирти Э. сида бемор сийганда жинсий аъзо атрофидаги терига доим сийдик тегишдан тери яллиғланиб, сувчираб туради.
Эписпадияда турли пластик операциялар ўтказилади.
[addtoany]