Фармакогнозия

Фармакогнозия [юн. pharmakon – дори ва gnosis – ўрганиш] – фармацияптк бир бўлими. Ўсимликлар ва ҳайвонлардан олинадиган доривор маҳсулотлар, уларни бирламчи қайта ишлашдан ҳосил бўладиган баъзи моддалар (эфир мойлар, смолалар, сут ширалар, дарахт елимлари ва бошқа(лар))ни ўрганади. Асосий вазифаси доривор хомашёларни тадқиқ этиш, улардаги таъсиркор моддаларни аниқлаш усулларини ишлаб чиқиш, шунингдек, бу моддаларнинг ўсимлик, ҳайвонлар аъзо ва тўқималарида жойлашган ўрнини ўрганишдан иборат. Бундан ташқари, ёввойи доривор ўсимликларнинг ўсиш жойи ва захирасини аниқлаш, уларни йиғиш, қуритиш, навларга ажратиш, қайтадан ишлаш, сақлаш ва ҳ. к. билан ҳам шуғулланади. Фармакогнозия-фармациянинг қад. соҳаларидан бўлиб, юнон олими Диоскорид унга асос солган. Галги ва Парацельс эса фармакогнозияни янги йўналишга солиб юбордилар. Ўрта асрларда, айниқса, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино ва Шарқнинг бошқа олимлари фармакогнозия ривожига улкан ҳисса қўшдилар (қ. Тиббиёт), 18-а. да Россияда Ф. соҳасида доривор ўсимликларнинг қўлланиши ҳақида маълумотнома ва қўлланмалар пайдо бўлди. 1778 й. да биринчи рус фармакопеяси босилиб чиқди. Ҳоз. Республикамизда Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот ин-ти фаолият кўрсатиб келмоқда. Фармакогнозияга оид тадқиқотлар фармацевтика илмий текшириш институтлари ва ф-тлари кафедраларида бажарилади. Фармакогнозия фармацевтика таълими тизимига киритилиб, олий ва ўрта махсус фармацевтика билим юртларида ўқитилади.

[addtoany]