Фармакопея

Фармакопея [юн. pharmakon – дори ва poieo – тайёрлайман] – дори воситаларини тайёрлаш, сифатини сифат-микдорий жиҳатдан назорат қилиш, сақлаш шарт-шароитлари ва номланишини белгилайдиган давлат стандартлари мажмуи. Фармакопеяда дори моддалари ва дори турларини кимёвий, физик, биологик ва бошқа(лар) усулларда сифат ҳамда миқдорий таҳлил қилиш усуллари, заҳарли ва кучли таъсир этадиган дорилар рўйхати, болалар ва катталар учун дориларнинг бир ичишлик, шунингдек, кунлик микдорлари жадвали ёритилади. Хитойда 502 й. да чиқарилган «Минибелу» китоби, Европада 1130 й. да чоп этилган «Антидоторий» тўпламлари илк расмий фармакопея ҳужжатларидир. Биринчи фармакопея 1498 й. да Флоренцияда «Ricettario Fiopentino» номи билан босилиб чиқди. Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари у яшаган даврда қўлланилган дори воситаларини тайёрлаш, уларнинг сифатини баҳолаш ва қўлланилиши ҳақидаги маълумотлари билан ўз замонасининг фармакопеяси деб баҳоланиши мумкин. Бугунги кунда кўпгина мамлакатларнинг миллий ва ҳудудий фармакопеялари мавжуд бўлиб, улардан Eu. Р. (Европада ҳамжамияти Ф. си), USP (АҚШ Ф. си), ВР (Британия Ф. си), ГФ XI (Давлат Ф. сининг 11-нашри), DP (Германия Ф. си) кабилар халқаро эътироф этилган Ф. лар ҳисобланади ва кўп ҳолларда дори воситаларининг сифат назорати юкоридагиларга асосан амалга оширилади.

[addtoany]