Тиб қонунлари

Тиб қонунлари («Китоб ал-Қонун фи-т-тиб») – Абу Али ибн Синонинг тиббиётга оид асари. «Т. қ.» ўз давридаги табобатнинг муфассал энциклопедияси бўлиб, унда инсон соғлиги ва касалликларига оид бўлган барча масалалар мантиқий тартибда тўла баён этилган. Олдинлари табобат, асосан, ҳунар ҳисоланар ва у билан шуғулланувчилар назарий масалаларга унчалик аҳамият бермай уни амалда қўллаш билан чекланар эдилар. Ибн Сино эса табобатни илм даражасига кўтарди ва юнон, рим, ҳинд, Яқин ва Ўрта Шарқ табибларининг тажриба ва фикрларига таяниб «Т. к.»да унинг ҳам назарий, ҳам амалий масалаларини чуқур ишлаб чиқди.

Ибн Сино «Т. қ.»нинг 1-китобини Гўргода, қолганларини эса Рай ва Ҳамадонда яшаган вақтида ёзган (1015-1024).

Ибн Сино «Т. қ.»ни ёзишда юнон табиларидан Гиппократ, Диоскорид, Гален, Орбазий, Павел, Ҳиндистон табибларидан Чарка асарларининг араб тилига таржимасидан; Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларидан етишиб чиққан Абу Журайж, Масиҳ Димашқий, Ибн Мосаввайҳ, Собур ибн Саҳн, Саҳорбухт, Абу Бакр Розий, Абу Саҳл Масиҳий каби олимларнинг тиббий асарларидан манба сифатида фойдаланган. «Т. қўшинг ҳар бир китоби, ўз навбатида, қисмларга (фан), бўлимларга (жумла), мақсадларга (мақола) ва параграфларга (фасл) бўлинган.

1- китобда табобатнинг назарий асослари ҳамда амалий табобатнинг умумий масалалари, табобат илмининг таърифи, унинг вазифалари, хилт ва мизож ҳақидаги таълимот баён қилинади. Кейин одам танасининг «оддий» аъзолари – суяк, тоғай, асаб, артерия, вена, пай, боғлам ва мушаклар ҳақида қисқа анатомик очерк келтирилади. Касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, кўринишлари, турлари ҳамда уларни даволашнинг умумий усуллари келтирилади. Овқатланиш, ҳаёт тарзи ва ҳаётнинг ҳамма босқичларида соғликни сақлаш ҳақидаги таълимот ёритилади. Сурги қилиш, қайт қилдириш ва қон олиш масалаларига айрим боблар ажратилган.

2- китобда ўша даврда ўсимлик, ҳайвон ва маъданлардан олинадиган 800 дан ортиқ дори-дармонлар таърифи, уларнинг даволи хусусиятлари ва қўлланиш усуллари баён қилинган. Муаллиф Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Ўрта Шарқ мамлакатларидан чиқадиган дори-дармонлардан ташқари Ҳиндистон, Хитой, Юнонистон, Африка, Ўрта денгиз атрофи ва бошқа(лар) жойлардан келтириладиган кўплаб дори ва моддаларни ҳам кўрсатиб ўтади. Ибн Сино тавсия қилган кўпгина дорилар фармакопеяда Ҳоз. ҳам қўлланади.

3- китобда одам танасининг бошидан твонигача бўлган аъзоларида юз берадиган «хусусий» ёки «маҳаллий» касалликлар ҳақида маълумот берилади. Бошқача қилиб айтганда, бу китоб хусусий патология ва терапияга бағишланган. Унда бош мия (шу жумладан, асаб касалликлари ва руҳий касалликлар), кўз, қулоқ, бурун, оғиз бўшлиғи, тил, милк, лаб, томоқ, ўпка, юрак, кўкрак, қизилўнгач ва меъда касалликлари, сўнгра жигар, ўт пуфаги, талоқ, ичак, орқа чиқарув йўли, буйрак, қовуқ, эркак ва аёлларнинг жинсий аъзолари касалликлари ҳақидаги маълумотлар келтирилади.

4- китоб киши аъзоларидан биронтасига хос бўлмаган «умумий» касалликларга бағишланган. Бундай касалликларга турли иситмлар (касаллик давридаги буҳронлар), шишлар (шу жумладан, рак), тошмалар, яра-чақалар, куйиш, суяк синиши ва чиқиши, асабларнинг жароҳатланиши, бош сулги, кўкрак қафаси, умуртқа ва қўл-оёқларнинг шикастланиши киритилган. Шунингдек, мазкур асарда узоқ чўзиладиган ва ўта юқумли касалликлар: чечак, қизамиқ, мохов, вабо ва кутуриш ҳақида сўз боради; заҳарлар ва заҳарланиш ҳақидаги таълимот (токсикология)нинг асосий масалалари ҳам баён қилинади. Китобнинг махсус бўлими инсон ҳусни ва чиройини сақлашга ва пардоз-андоз воситаларига бағишланган. Жумладан, Ибн Сино сояни тўкилишдан ёзмайдиган ҳамда ҳаддан ташқари семириб ёки озиб кетишнинг олдини оладиган воситаларни ҳам тавсия қилади.

5-китоб фармакопея бўлиб, унда мураккаб таркибли дори-дармонларни тайёрлаш ва улардан фойдаланиш усуллари ёритилган. Унинг биринчи қисмида турли тарёклар (зидди-заҳалар), маъжунлар, ҳабдори, кулча дори (таблетка), элаки дори, шарбатлар, кайнатмалар, шароб, марҳам ва ҳ. к. тавсифи берилса, иккинчи қисмда муайян аъзолар – бош, кўз, қулоқ, тиш, томоқ, кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи аъзолари, бўғимлар ва турли тери касалликларини даволаш учун ишлатиладиган ҳамда синалган дори-дармонлар келтирилади.

11-а. нинг бошларида ёзиб тугатилди «Т. қ.»нинг кўп сонли қўлёзма нусхалари тарқалиб, тиб илми бўйича энг мукаммал асарга айланади. У Шарқда нақадар машҳур эканлигини жаҳоннинг турли кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмаларнинг кўплигидан ҳам билса бўлади. Эрон олими Яҳё Маҳдавининг «Фиҳрист-и нусхаҳои мусаннафот-и Ибн Сино» номли китобининг ўзида «Т. қ.»нинг 130 нусхаси келтирилган. Ўз ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик ин-тида ҳам «Т. К.»нинг 3 қўлёзмаси сақланади. Шулардан энг кадимийси 1308 й. да кўчирилган тўлиқ нусхдир.

Шарқда кўп олимлар, хусусан, Муҳаммад Илокий Фахриддин Розий, Муҳаммад Начивоний, Ибн Нафис, Қутбиддин Шерозий, Маҳмуд Чагминий, Абдуллоҳ Оқсароий, Садриддин Козаруний, Абдураҳмон Мисрий, Ҳаким Али Жилоний, Исҳоқхон Ибн Исмоихон, Ҳаким Шифоийхон ва бошқа(лар) «Т. к.»га шарҳлар ёздилар, уни кискартириб «Қонунча» номи билан кичик қўлланмалар турдилар.

«Т. к.»нинг арабча матни биринчи марта 1593 й. Римда, кейинчалик Қоҳира (1873, 1877, 1879), Теҳрон (1889), Лакнав (1906) ва Лоҳуда (1905) хам чоп этилди, «Қонун» кўп ўтмай Ғарб мамлакатларида ҳам шуҳрат топди. 1130 й. таржимонлар гуруҳи ташкил қилинади ва кремоналик Герард (1114-1187 й.) «Т. к.»ни араб тилидан лотин тилига таржима қилишга киришади, бироқ бу ишни кейин 13-а. да яшаган Герард охирига етказади. Умуман «Т. к.» лотин тилида 40 мартадан ортиқ тўла ҳолда нашр этилган. Айрим қисмларининг нашри эса сон-саноксиздир.

19-а. га келиб Европада «Т. к.»га бўлган қизиқиш орта бошлади ва унинг айрим қисмлари немис, француз, инглиз тилларига таржима қилинди. Асарни Ҳоз. замон тилларига таржима қилишни Ўзбекистон шарқшунослари ўз зиммаларига олдилар, улар «Т. қ.» нинг 5 китобини арабчадан ўзбек ва рус тилларига таржима қилиб, 1954—61 й. лари Тошкентда шифокорлар билан ҳамкорликда нашр этдилар.

«Т. к.»ни арабчадан ўзбек тилига таржима қилишда шарқшунос олимлардан А. Расулев, С. Мирзаев, У. Каримов, А. Муродов, А. Қюмов, А. Ўринбоев ва Қ. Муниров қатнашган. Русча таржимасида М. А. Салье, У. Каримов, Ю. Н. Завадовский, П. Г. Булгаков, С. Мирзаев ва А. Расулевлар иштирок этишган.

1980 й. да Ибн Сино таваллудининг шасий ҳисобда 1000 йиллиги муносабати билан «Т. қ.»нинг қайта ишланган ўзбек ва рус тилларидаги У. Каримов томонидан тайёрланган тўлиқ нашри 1979-1983 й. ларда чоп этилди. Шундан сўнг «Т. қ.» ўзбек ва рус тилларида мухтасар шаклда (3 жилдли ва 1 жилдли) яна 4 марта, рус тилида тўлиқ стереотип шаклда яна 2 марта (10-жилдли) нашр бўлди.

Бу таржималар асосида замонавий тиббиёт ва доришуносликнинг турли соҳаларига оид илмий мақола ва китоблар нашр этиш ҳозир ҳам давом этмоқда.

«Т. қ.» китоби кўп асрлар давомида тиббётдан асосий дастур бўлиб келган, ҳозир ҳам бир қанча дорилфунунларда ўрганилади.

Загрузка...