Фармакотерапия

Фармакотерапия [юн. pharmakon – дори ва терапия], дори терапияси – дори-дармон билан даволаш. Этиотроп фармакотерапияда дори-дармонлар касаллик қўзғатувчиларга таъсир этади (масалан, инфекцион касалликларни антибиотиклар билан, заҳарланишни эса антидотлар билан даволашда). Ўрин босувчи фармакотерапияда организмга юборилган дорилар физиологик фаол моддалар ўрнини босади (масалан, ички секреция безлари етишмовчилигида гормонал препаратлар қўлланади). Патогенетик фармакотерапияда дори-дармон касалликнинг патогенезига таъсир этади (масалан, адреналин бронхиал астмага, нитроглицерин стенокардияга, глюкозидлар юрак етишмовчилигида қўлланилади). Агар препаратлар касалликнинг фақат айрим белгилари (симптоми)га таъсир этса (масалан, оғриқ ёки йўтал қолдирувчи дорилар), бундай фармакотерапия симптоматик терапия дейилади. Фармакотерапияда турли хил дори-дармонлардан фойдаланилади.

Инфекцион касалликлар ва ўсмалар кимё терапияси – Ф. нинг асосий йўналишидир. Кимётерапевтик моддалар касаллик қўзғтувчилар тури – микроблар, вирусларга қараб специфик таъсир этади. Бундай таъсир этиш инфекцион агент ёки ўсма ҳужайрасининг физиологик, биокимёвий ва бошқа(лар) хоссалари билан боғлиқ. Препаратлар таъсири уларнинг организмга қандай усулда юборилишига, тўқималарда сўрилишига ва бошқа(лар)га боғлиқ. Айрим ҳолларда организмда дори-дармонларга чидамли Микроорганизмлар ёки ўсма ҳужайралари пайдо бўлиши ва кўпайиши мумкин. Шу боис, кўпинча, организмга антимикроб ва ўсмаларга таъсир этадиган бир қанча дориларни қўшиб юборилади.

Загрузка...