Инфекцион касалликлар

Инфекцион касалликлар – патоген Микроорганизмлар (бактериялар, вируслар, энг содда жониворлар ва ҳ. к.)нинг киши, ҳайвон ва ўсимлик организмига кириб кўпайиб, зарарли таъсир кўрсатиши натижасида келиб чиқадиган касалликлар. Инфекцион касалликлардан баъзилари (масалан, қизамиқ) беморга яқин юрилганда юқади, уларга «юқумли касалликлар» атамаси жуда мос келади. Инфекцион касалликлардан баъзилари (масалан, безгак) беморга яқин юрилганда («контакт» йўли билан) юқмади, демак, уларга «юқумли касалликлар» атамаси унчалик тўғри келмайди.

Инфекцион касалликлар билан оғриган беморларни ажратиб қўйиш муддатлари

Касаллик номи

Беморларни ажратиб қўйиш усуллари

Ич терлама, паратиф

Антибиотиклар билан даволанган беморлар ҳарорати меъёрлашгач, 23 кунгача ажратиб қўйилади, озиқ-овқат саноати, сув таъминоти, умумий овқатланиш, болалар муассасалари, касалхоналарнинг ходимлари даволаш муассасасидан уйига жўнатилган, нажаси, сийдиги уч марта ва ўн икки бармоқ ичак суюқлиги бир марта бактериологик текширишдан ўтказилганида касаллик микроблари топилмаса, 30 кундан кейин ишга қўйилади.

Бактериал дизентерия

Касалликнинг клиник белгилари йўколгунича ва нажаси уч марта (1-2 кун оралатиб) бактериологик текширишда касаллик микроблари тпилмайдиган бўлгунича беморлар ажратиб қўйилади. Сув таъминоти, озиқ-овқат саноати, умумий овқатланиш, касалхоналар ва болалар муассасаларининг ходимлари нажаси уч марта бактериологик текширишдан ўтказилганида касаллик микроблари топилмагач, даволаш муассасидан уйига жўнатилади.

Вирусли гепатит

Касалликнинг клиник белгилари йўколгунича, лекин сариқлик пайдо бўлгач, камида 21 кун ёки касаллик бошлангач, 30 кун ажратиб қўйилади.

Полиомиелит

40 кун ажратиб қўйилади.

Туляремия

Бемор соғайгунича ажратиб қўйилади.

Дифтерия

Бемор соғайгунича томоқ, бурун шилимшигини икки марта (3 кун оралатиб) бактериологик текширишда касаллик микроблари топилмайдиган бўлгунича ажратиб қўйилади.

Қизамиқ

Тошма пайдо бўлгач, 5 кунгача ажратиб қўйилади.

Кўкйўтал

Касаллик бошлангач, 40 кунгача ёки бемор қувқувлаб йўтала бошлаганидан кейин 30 кунгача ажратиб қўйилади.

Скарлатина

Касаллик бошлангач, 21 кунгача (бошқа касалликлар қўшилмаганида 15 кунгача) ажратиб қўйилади.

Сувчечак

Тошма пайдо бўлгач, 7 кунгача ажратиб қўйилади.

Эпидемик паротит (тепки)

Касаллик бошлангач, 9 кунгача ажратиб қўйилади.

Бемор организмида шу касалликни вужудга келтирувчи махсус микроб борлиги ва касалликнинг одамдан одамга юқиши мумкинлиги инфекцион касалликларнинг асосий белгиларидир.

Инфекцион касалликларнинг чинакам сабаблари 19-а. нинг 2-ярмида Л. Пастер, Р. Кох, И.Мечников ва бошқа олимларнинг ишлари билан исбот қилинди. Баъзи касалликлар (вабо, ич терлама, паратиф, дизентерия ва бошқа(лар) ичак инфекциялари) ҳазм йўли орқали (беморлар нажаси тушган сув ва озиқ-овқат ёки шу нажас зарралари текан ювуқсиз қўл орқали) юқади. Бемор йўталганда, акса ўрганда, сўзлашганда чиқадиган майда шилимшиқ зарралари ҳаво билан нафас йўлларига киришидан келиб чиқадиган касалликлар (томчили инфекцияла р)га грипп, кўкйўтал, паротит, дифтерия, қизамиқ ва бошқа(лар) киради. Баъзи касалликлар қон сўрар ҳашаротлар (бит, чивин, бурга, кана, искабтопар ва ҳ. к.) орқали юқади (безгак, тошмали терлама, қайтачовчи терлама, кана ва чивин орқали юқадиган энцефалитлар, искабтопар иситмаси ва ҳ. к.). Беморга якин юрганда ёки унинг сочиғи, идиш-товоғи ва бошқа(лар) буюмларидан фойдаланганда юқадиган касалликлар (таносил касалликлари, куйдирги, кал яра ва бошқа(лар)) алоҳида гуруҳни ташкил этади. Инфекцион касалликлар бир неча кун (грипп, қизамиқ, искабтопар иситмаси) ёки бир неча ҳафта (ич терлама, тошмали терлама ва бошқалар) давом этиши ёки ойлаб ва ҳатто, йиллаб чўзилиши мумкин (сил, мохов, захм). Инфекцион касалликлар келиб чиқиши организмга кирган патоген микробларнинг сонига, вирулентлигига, кирган жойига, кишининг ёшига, инфекцияга мойиллигига, шунингдек, микроб атрофидаги ташқи муҳит шароитига (ноқулай шароитда микробнинг вирулентлиги камаяди) боғлиқ. Инфекцион касалликларнинг пайдо бўлиши ва ўтишида ижтимоий шароит (уй-жой, овқатланиш тарзи, маданий савия, тиббий ёрдам) ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу шароитнинг ўзаро таъсирига қараб инфекцион касалликларнинг турли (типик – ростмана, енгил ва бошқа(лар)) шакллари намоён бўлади. Инфекцион касалликларнинг ўтишида инкубацион давр, касаллик симптомларининг пайдо бўлиш ва ошиб бориш даври, касаллик авжига чиққан давр, касалликнинг сўниш даври ва соғайиш даври фарқ қилинади. Инфекцион касалликларнинг ҳар бирида шу даврларнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Ич терлама каби баъзи касалликлар микроби оғриб ўтган организмда сақланиб қолади ва теварак-атрофдаги муҳитга чиқаверади. Кўпгина инфекцион касалликлардан кейин иммунитет қолади. Масалан, инфекцион касалликларни аниқлашда касалликнинг клиник белгилари, лаб. да текшириш натижалари ва эпидемиологик маълумотлар асос қилиб олинади. Беморлар махсус жиҳозланган инфекцион касалхоналарда даволанади. Инфекцион касалликларга қарши курашда профилактика тадбирлари ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Инфекцион касалликларнинг янада тарқалишига йўл қўймаслик учун шундай касалликлар билан оғриган беморлар ёки шундай касаллик бор деб гумон қилинган кишилар касалхонада ёки уйида ажратиб қўйилади. Тоун (чума), вабо (холера), тошмали терлама (тошмали тиф), ич терлама (қорин тифи), паратиф, дизентерия, вирусли гепатит, дифтерия ва бошқа(лар) касалликлар топилган ёки гумон қилинган кишиларни махсус санитария транспортида касалхонага олиб бориб ётқизиш шарт. Грипп, қизамиқ, кўкйўтал ва бошқа(лар) баъзи инфекцион касалликлар билан оғриган беморларни алоҳида хонага ётқизиш, тегишлича парвариш қилиш ва дезинфекция ўтказиб туриш шарти билан уйида ажратиб қўйиш мумкин.

Санаторийлар, дам олиш уйлари, болаларни соғломлаштириш муассасалари, болалар богчалари ва яслиларда, шунингдек, касалхоналарнинг терапия, хирургия, педиатрия ва бошқа(лар) (инфекцион бўлимидан ташқари) бўлимларида изолятор жиҳозланади. Айниқса, хавфли инфекциялар (тоун, вабо) билан оғриган беморларга яқин юрган кишиларни ўша касалликларнинг инкубацион даврига тенг келувчи муддат билан ажратиб қўйиш шарт. Бошқа инфекцион касалликларда беморлар турли муддат билан ажратиб қўйилади (жадвал).

Загрузка...