Фимоз [юн. phimosis – тортишиш, торайиш] – эрлик олати (закар) чекка кертмак қисмининг торайиши. Бунда одат бошчаси етарли очилмайди. Туғма (баъзи болаларда 2-3 ёшгача кузатиладиган физиологик Ф.) ва орттирилган Ф. фарқ қилинади. Орттирилган Ф. сурункали бланопостит касаллиги оқибатида пайдо бўлади (қ. Баланит). Фимоз захм ва сўзак туфайли ҳам юзага келиши мумкин. Асосий белгиси: сийганда сийдик яхши чиқиб кетолмай, чекка кертмак копчасига тўпланиб, у шишади, лимфа томирлари йўғонлашади, баъзан човга оғриқли без келади; беморнинг ҳарорати кўтарилади, лоҳас бўлади. Оғирроқ ҳолларда сийдик чиқариш канали кенгайиб, яллиғланади. Фимоз билан оғриган болаларда, кўпинча, кечаси сийиб қўйиш, катталарда эса жинсий ҳаётнинг қийинлашиш ҳоллари кузатилади. Фимоз рўй берганда дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим. Шифокорга кўрингунга кадар одатий калий перманганат (марганцовка)нинг кучсиз эритмаси билан чайиш ва ванна қилиш мумкин.
[addtoany]