Баланит

Баланит, баланопостит [юн. balanos – жинсий олатнинг бош қисми; itis; balanoposthitis] – жинсий олат (закар) бош қисми териси (баланит) ва чекка кертмаги ички қаватининг яллиғланиши (баланопостит). Кўпроқ болаларда олат боши қисилиб, чиқмай қолган ҳолларда кузатилади (қ. Фимоз). Бирламчи ва иккиламчи баланит учрайди. Олат чекка кертмагнинг камбар бўлиши, унда сийдик томчиси ёки сперма тўпланиб қолиб, унга микроблар тушиши, шунингдек, уретрит, қанд касаллиги ва бошқа(лар) натижасида вужудга келиши мумкин. Сўзак, захм асоратлари, фимоз ҳам баланитга сабаб бўлади. Олат боши соҳаси шишиб, қизаради, маддлайди, ачишиш, Қичишиш аломатлари пайдо бўлиб, бу, айниқса, бемор сийгандан кейин зўраяди. Лоҳаслик, бош оғриғи, ҳароратнинг кўтарилиши, баъзан чов соҳасидаги лимфа тугунларининг катталашиши кузатилади. Баланитнинг оддий, диабетик, гангреноз, ҳалқасимон, эрзияли, йиринг-ярали хиллари бор. Касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлганда, дарҳол уролог-шифокор (сийдик аъзолари мутахассисга учрашиш зарур. Касалликнинг кечиши ва хилига қараб даво тайинланади, асосан, яллиғланишга қарши дорилар (антибиотиклар, дезинфекцияловчи эритмали ванна ва бошқа(лар)) буюрилади. Оғирроқ ҳолларда жарроҳлик усули қўлланилади. Баланитнинг олдини олиш учун ўғил болалар гигиена қоидаларига амал қилишлари, агар фимоз бўлса, ўз вақтида даволатишлари лозим.

[addtoany]