Тўқима

Тўқима – келиб чиқиши, тузилиши ва вазифасига кўра ўхшаш ҳужайралар тизими. Одам ва ҳайвонлар тўқимаси эпителий, бириктирувчи, мушак ва нерв тўқима ларига бўлинади. Эпителий тўқимаси одам ва ҳайвонлар танасини қоплаб туради, ички аъзоларда парда ҳосил қилади, ҳимоя фаолиятини; унинг ҳосилалари, масалан, жигар ва меъда ости безининг серектор эпителийси секретор фаолиятини бажаради. Хусусий бириктирувчи тўқима ва унинг ҳосилалари (қ. Қон, Лимфа, Тоғай, Суяк) ҳимоя, таянч ва трофик вазифани бажаради. Мезенхимадан ривожланади. Мушак тўқимаси қисқариш хусусиятига эга. Шу туфайли организм фазода ҳаракат қилади ва унинг аъзоларида қисқариш ҳаракати содир бўлади; силлиқ мушак Т. си мезенхимадан, кўндаланг-тарғил мушак Т. си мезодермадан ривожланади. Нерв тўқимаси эктодермадан ҳосил бўлиб, организмнинг ҳаёт фаолиятини бошқаради, ташқи муҳитдан синаллар қабул қилади ва организмнинг жавоб реакциясини белгилаб беради. Тўқиманинг ҳосил бўлиши (гистогенез) эмбрионнинг ривожланиши жараёнида дастлабки ҳужайранинг ихтисслашуви билан боғлиқ. Кўпинча, гистогенез вояга етган организмда ҳам содир бўлади. Тўқиманинг регенерацияси, баъзан ўсишини таъминлайди. Ҳар бир организмнинг ўзига хос фаолияти, одатда, битта Т. ёки бир қанча ихтисослашган ҳужайралар билан боғлик. Барча аъзоларда бир неча хил Т. бўлади. Улар биргаликда организм фаолиятини бошқариб туради. Функционал жиҳатдан нерв ва мушак Т. си, айниқса, чамбарчас боғланган. Тубан кўп ҳужайралиларда Т. кучли ихтисослашмаган. Бир хил тилдаги Т. нинг тузилиши организмнинг ҳар хил қисмида ва турли даражада тузилган организмларда бир хилда бўлмайди. Тўқима эволюция давомида ҳужайраларнинг функционал ихтисослашуви натижасида ҳосил бўлган.

Одам Т. сини гистология ўрганади.

[addtoany]