Гинекология

Гинекология [юн. gynaikos – аёл ва ..лозим] – клиник тиббиётнинг бир соҳаси; турли ёшдаги Хотин-қизлар организмининг ўзига хос анатомик-физиологик хусусиятларини ҳамда уларнинг жинсий аъзолари касалликларини ўрганади. Аёлларнинг нормал жинсий фаолияти – ҳайз кўриши, бола тутиши, шунингдек, бола тутиш ва ҳайз кўришдан қолиши (климактерия даври) ҳамда шу даврга хос касалликлар, туғмаслик сабаблари, уларнинг олдини олиш ва даволаш йўл-йўриқларини ҳам ўрганади. Умумий ва хусусий гинекология фарқ қилинади. Умумий гинекология гинекологик касалликларнинг симптомлари, ташхиси, уларнинг олдини олиш ва даволаш; хусусий гинекология эса аёллар жинсий тизимининг айрим касалликлари, уларнинг ўзига хос жиҳатлари ва белгилари, ташхиси, олдини олиш ҳамда даволашни ўз ичига олади. Гинекология акушерлик билан чамбарчас боғланган.

Гинекология 19-а. нинг ўрталарида мустақил фан сифатида ташкил топди. Анатомия, физиология, умумий патология, микробиология, эндокринология, жарроҳлик ва бошқа фанлар соҳанинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. Бу соҳанинг тарихи жуда кадимга бориб тақалади. Миср, Ҳиндистон, Юнонистоннинг қад. қўлёмаларида гинекологияга оид маълумотлар келтирилган. Гинекология тушунчаси Гиппократ, Герофил каби юнон врачларининг асарларида ҳам ўз ифодасини топган. Ибн Синонинг «Тиб қонунларига бир қанча гинекологик касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларни аниқлаш, даволаш ва олдини олиш йўллари баён этилган.

Тошкентда Ҳадра даҳасида Ўзбекистонда биринчи аёллар ва болалар шифохонаси очилиши (1880), Ўзбекистонда акушер-гинеколог врачлар тайёрлана бошлаши, 1927 й. да Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш илмий текшириш институти, Ўрта Осиё ун-ти (1921), ТошТИ (1931; 1940), СамТИ (1934) ҳамда Врачлар малакасини ошириш ин-тида (1950; 1960) акушерлик ва гинекология кафедралари фаолият кўрсата бошлаши гинекология ва акушерлик соҳасининг фан сифатида ривожланишига олиб келди. Қизалоклар ва бўйи етиб қолган қизлар касалликларини ўрганиш жадал олиб борилди; уларнинг жинсий етилиш жараёнини ўрганиш, жинсий аъзоларидаги нуқсонлар, кайз кўриш жараёнидаги ўзгаришлар ҳамда касалликларини эрта аниқлаш ва даволаш кейинги ҳаётида рўй бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беради. ЎзР да бепуштлик муаммоси ўрганилди ва уни даволаш мақсадида жарроҳлик усули қўлланилди. Ҳомиладорликнинг илк давридаёқ ташхис қўйиш, туғруққа тайёрлаш, шунингдек, туғруқ билан боғлик бўлган ҳордиқ муддатини ўзгартириш; Ўзбекистон иқлими шароитида ҳомиладорликнинг юрак-кон томир тизимига таъсири ўрганилди.

Аборт пайтида инфекция тушишининг олдини олиш ва даволаш, патогенез муаммолари ва бола тушиш сабабларини ўрганишга оид қатор тадқиқотлар ўтказилди. Гемостазнинг ўзига хос хусусиятлари ва камқон ҳомиладор аёлларда энергия алмашинуви ҳамда бола кўриш орасидаги муддат кўрсаткичлари ўрганилди ва илмий жиҳатдан асослаб берилди. Акушерлик қон кетишларининг олдини олиш ва уни даволаш масалалари ишлаб чиқилди. Хотин-қизлар и. ч. нинг турли соҳаларида фаолият кўрсатётганларини назарда тутиб, кўчма гинекологик текширув, аёлларни режали профилактик кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилди. УзРда Акушерлик ва гинекология, Педиатрия илмий текшириш институти, тиббиёт ин-тлари, врачлар малакасини ошириш ин-ти ҳамда йирик касалхоналарнинг гинекология бўлимларида гинекология масалаларини ҳал этишга қаратилган илмий изланишлар олиб борилади. Тошкент ш. да Республика ҳамда 2 та шаҳар перинатал маркази, шунингдек, йирик илмий текшириш институтлари ва олий ўқув юртлари қошида скриннинг марказлари ташкил этилган. Булар оналар ўлимини бир неча марта камайтиришга имконият беради.

[addtoany]