Акушерлик – клиник тиббиётнинг бир соҳаси. Ҳомиладорлик, туғруқ вақтида ва туғруқдан кейин (чилла даврида) аёл организмида содир бўладиган физиологик ва патологик жараёнларни ўрганади. Асосий вазифаси: туғруққа ёрдам бериш, ҳомиладорлик касалликлари (масалан, токсикозлар)да туғруқ, туғруқдан кейин (туғруқ вақтидаги шикастлар, қон кетиши ва бошқа(лар)) юзага келиши мумкин бўлган асоратларнинг олдини олиш ҳамда асоратлар пайдо бўлганда аёлга, ҳомила ва янги туғилган чакалоққа тиббий ёрдам кўрсатишнинг энг мақбул усулларини ишлаб чиқишдан иборат. Ушбу вазифа касалхоналар, туғруқхоналар ёки қишлоқ врачлик пунктларида акушер-врач ёки акушерка зиммасида. Акушерлик – тиббиётнинг қад. соҳаларидан бири. Тиббиётга оид қад. китобларда (масалан, «Аюрведа») туғруққа ёрдам беришнинг айрим усуллари келтирилган. Ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида Хотин-қизлар гигиенаси ва касалликларига, жумладан, акушерликка алоҳида боб ажратган. Илмий акушерлик 17-18-а. ладан бошлаб анатомия, эмбриология, физиология ва клиник тиббиёт соҳасидаги ютуқлар билан боғлик ҳолда ривожланяпти. Акушерлик билан гинекология – бир бутун фан. 19-а. да эфир ва хлорофомдан оғриқсизлантириш мақсадида фойдаланиш, инфекциянинг тарқалиш йўллари ва унга қарши кураш усулларининг кашф этилиши акушерликнинг тараққий этишига туртки бўлди. Бу соҳада да жарроҳлик усуллари кенг қўлланила бошланди. 20-а. да кимё, физиология, бактериология ва бошқа(лар) назарий фанлар ютуқларининг акушерликда жорий этилиши соҳанинг бир қанча масалаларини, масалан, ҳомиладорлик физиологияси ва диететикаси, туғруқни оғриқсизлантириш, ҳомиладорларда кечадиган айрим касалликлар, токсикозлар, анемия ва бошқа(лар)ни чуқурроқ англаш имконини яратди. Ўзбекистонда акушерлик ижтимоий масала даражасига кўтарилиб, она ва болаликни муҳофаза қиладиган кўплаб муассасалар фаолият юритмоқда. Тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларида А. фан сифатида ўқитилади.
[addtoany]