Анатомия

Анатомия [юн. anatome – кесаман, ёрман] – айрим аъзолар, тизимлар ва бутун организмнинг шакли ва тузилишини ўрганадиган фан; морфологиянинг бир қисми. Анатомия ҳайвонлар анатомияси (зоотомия) ва ўсимликлар анатомияси (фитотомия)га бўлинади. Ҳайвонлар анатомия сидан одам анатомияси (антропотомия) ажратилади. Одам ва ҳайвонлар организми эволюциясининг асосий босқичларини ўрганадиган қиёсий (солиштирма) анатомия ҳам бор. «А» атамаси кўпроқ одам анатомия сини ифодалаш учун ишлатилади. Одам анатомия сига инсон организми фаолияти ҳақидаги фан – физиология билан бир бутун ҳолда қаралади. Анатомия ҳар бир аъзонинг киши жинси ва ёшига қараб ўзгариш хусусиятларини, атроф муҳит ҳамда меҳнат фаолиятининг аъзолар тузилиши, вазифасига таъсирини ҳам ўрганади. Дастлаб ҳар бир аъзо алоҳида-алоҳида ўрганилган бўлса, кейинчалик аъзоларнинг ўзаро муносабатларини, уларнинг бир тизимга бирлашиш қонуниятларини, организм бир бутун бўлиб, уни ташқи муҳит билан чамбарчас боғлиқлигини, аъзоларнинг шакли билан фаолияти ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда ўрганила бошланди.

Бу фанга оид дастлабки маълумотлар энг қад. хитой ва ҳинд олимлари асарларида, шунингдек, Гиппократ, Аристотель (Арасту) асарлари ва, айниқса, Александрия мактаби вакилларининг асарларида учрайди. Кейинчалик Абу Али ибн Синонинг 5 жилдли «Тиб қонунлари» асарида тиббиётнинг барча соҳаларига, хусусан, анатомияга оид мукаммал маълумот берилди.

Итальян рассоми Леонардо да Винчи мурдани ёриб текшириб нормал анатомиянинг бир қадар муфассал тавсифини берган. Ҳоз. замон анатомияси Уйғониш давридан, яъни европалик анатом-олим А. Везалий мурдаларни ёриб текшириб, одам танаси тузилишининг тўлиқ, систематик ва аниқ тавсифини берган вақтдан бошланади. Анатомия, умуман, нормал аъзо ва тўқималарнинг шакли ва тузилишини ўргангани учун нормал анатомия деб аталади. Нормал анатомия, организмнинг функционал тизимларига мувофиқ равишда суяклар ҳақидаги таълимот – остеология, бўғимлар ҳақидаги таълимот – артрология, мушаклар ҳақидаги таълимот – миология, ички аъзолар ҳақидаги таълимот – спланхнология, қон айланиш ва лимфа тизими ҳақидаги таълимот – ангиология, марказий ва переферик нерв тизими ҳақидаги таълимот – неврология, сезги аъзолари ҳақидаги таълимот – эстезиология ва ички секреция безлари ҳақидаги таълимот – эндокринологига бўлинади. Анатомиядан қуйидаги фанлар ажралиб чиққан: гистология (аъзо ва тўқималарнинг микроскопик тузилишини ўрганади); патологик А. (касаллик оқибатида ўзгарган аъзо ва тўқималарнинг шакли ва тузилишини ўрганади), топографик ёки амалий А. (хирургик ҳам дейилади, одам танасида аъзо ва тўқималарнинг жойланишини ўрганади). Бундан ташқари, вазифаси тасвирий санъат (рассомчлик, ҳайкалтарошлик) учун одам гавдасининг ташқи кўринишини тасвирлаб беришдан иборат бўлган пластик А., аъзоларнинг шакллари ва тузилишини уларнинг фаолияти билан боғлиқ ҳолда ўрганадиган функционал ёки назарий А., ёш А. си ва бошқалар ҳам бор.

Миянинг фаолияти билан боғлик ҳолда унинг нозик тузилиши, қон ва лимфа томирларининг нерв билан таъминланиши, бир қисми ишдан чиққан қон айланиш тизимининг тикланиш (компенсация) қобилияти ва бошқа(лар) масалалар ҳам А. нинг тадқиқот мавзуидир.

Анатомиянинг асосий ва энг қад. ўрганиш усули скальпель ва пинцет билан мурда аъзолари, мушаклари, томирлари, нервлари ва бошқа(лар)ни, уларни ўраб турган туқималардан ажратиб олиш, шунингдек, тана бўшлиқларини ёришдан иборат бўлган. Кейинчалик антропометрия усулидан фойдаланилган, бора-бора кесиб препаратлар тайёрлаш, арракаш, қон томирларга турли суюқликлар юбориш, рентген нури ва микроскопия қўллаш усуллари жорий этилди: тирик Одамда эса пайпаслаб кўриш, перкуссия (бармоқ ёки болғача билан уриб ўрганиш) ёки аускультация (эшитиб кўриш) усуллари қўлланила бошланди. Бундан ташқари, проекцион А. да ҳайвонлар ва соғлом одамларда (ташқи белгиларга қараб) чуқурроқ ётган аъзоларнинг жойланишини тажриба йўли билан аниқлайди.

[addtoany]