Гуморал регуляция

Гуморал регуляция [лот. humor – суюқлик, ингл. regulation – тартибга солиш, бошқариш] – организм ҳаёт фаолияти (физиологик ва биокимёвий) жараёнларини мувфиклаштириб турувчи механизмлардан бири. Бу механизм ҳужайра, тўқима ва аъзоларнинг фаолияти жараёнида организм суюқликлари (қон, лимфа, сафро, тўқима суюмиги ва бошқа(лар))га ишлаб чиқарилган биологик фаол моддалар ёрдамида амалга оширилади. Гормонлар, циткин ва метаболитлар гуморал регуляциянинг асосий омиллари ҳисобланади. Одам ва юқори ривожланган ҳайвонларда гуморал регуляция нерв регуляцияси билан бирга организм тизимларининг ҳар хил ҳолат ва ўзгарувчан шароитларда нормал ишлашини таъминлайди, шунинг учун иккаласи биргаликда ягона система – нейро-гуморал регуляцияни ташкил этади.

Нерв тизими бўлмаган ёки суст ривожланган ҳайвонларда гуморал омиллар устунлик қилади. Нерв тизими яхши ривожланган организмларда нерв ва гуморал регуляциянинг бир бутунлиги бу тизим омилларининг бир-бирига бевосита таъсир этишига боғлик (масалан, медиаторлар нерв импульсларини ўтказишда қатнашади; қон таркибида С02 нинг кўпайиб кетиши бош миянинг нафас марказлари қўзғалишиги сабаб бўлади, натижада нафас ҳаракатлари тезлашади ва ортиқча С02 организмдан чиқиб кетади. Аксинча, нерв регуляцияси таъсирида организмда гормонлар, медиаторлар, меъда шираси каби омиллар ишлаб чиқарилади).