Нерв тизими – одам ва ҳайвонлар организмида барча аъзолар фаолиятини бир-бирига боғлаган ҳолда ҳаётий муҳим фаолиятларни бажарадиган ҳамда организмни ташқи муҳит билан боғлайдиган тизим. Ҳайвонлар организмининг эволюция жараёнида ва организмлар билан ташқи муҳит ўртасидаги мураккаб муносабатларнинг шаклланишида нерв тизими ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Нерв тизими асосини нерв ҳужайралари ташкил қилади. Ҳар бир ҳужайра ўзидан чиққан калта шохчалар (дендрит), битта узун тола (аксон) билан бирга нейрон деб аталади. Нерв тизими, асосан, нейронлар тўпламидан иборат. У филогенез ва онтогенезда тананинг ташқи қавати – эктодермадан ривожланади. Организмларнинг тарихий ривожланиш жараёнида нерв тизимининг тузилиши мураккаблашиб, нерв ҳужайраларининг ҳажми ва турлари оша борган, нейронлар структураси ва айрим нерв ҳужайралари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, шу билан бирга, нерв тизимининг фаолияти хам шаклланган. Бу системга хос иккинчи тўқима – нейроглия пайдо бўлган (у таянч ва трофик фаолиятларни бажаради).
Нерв тизимининг ривожланиши даврида марказий нерв тизими ва периферик нерв тизими вужудга келади.
Бу система шартли равишда икки қисмга бўлинади. Улардан бири организмнинг одам ихтиёрига бўйсинмайдиган аъзоларига бориб, уларни нерв билан таъминлайдиган вегетатив нерв тизимида. Иккинчи қисм одам ихтиёрига бўлиниб, скелет мушакларига ва ҳаракатда иштирок этадиган айрим аъзоларга боради.
Нерв тизими қўзғалиш тўлқини – импульсларни нерв толалари орқали тез ўтказилишини таъминлайди. Нерв импульслари бир лаҳзада рўй беради ва турли аъзолардан мияга ёки миядан аъзоларга боради. Нерв тизими ҳаракат фаолиятини, овқат ҳазм қилиш, нафас олиш ва бошқа(лар) тизимлар фаолиятини, қон айланишини ва бошқа(лар) жараёнларни бошқаради.
Нерв тизими тузилмалари таъсиротни сезади, таъсиротлар энергиясини нерв қўзғалиши энергиясига айлантиради, бу энергия нерв импульслари шаклида нерв толаларидан ўтади. Нерв тизими мураккаблашган сайин ва унда махсус рецептор (сезувчи) ҳужайралар ихтисослашган сайин, фаолиятлари тобора турли-туман бўлиб қолган.
Нерв тизими рефлекс йўли билан ишлайди. Организмда ташқи ва ички муҳит таъсиротларини сезадиган рецепторлар бор. Меъёрий шароитда организмга ташқи муҳит турли-туман ва доимий таъсир кўрсатиши туфайли рецеторларда импульслар вужудга келади, булар афферент нерв толалари орқали марказий нерв тизимига ўтади; ўзгартирилган импульслар эса марказий нерв тизимидан эфферент нерв толалари орқали ишчи аъзолар (мушаклар, безлар ва ҳ. к.)га келиб, уларни ишга солади ёки ишлаш тезлигини ўзгартиради. Нерв тизимининг фаолияти қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларига асосланган.
Бутун организм каби нерв тизимида ҳам моддалар алмашиниб туради. Бу биокимёвий жараён натижасида энергия ҳосил бўлади. Нерв толалари ишлаганда энергияни жуда кам сарф қилади, нервларнинг амалда чарчамай, барқарор ишлашига сабаб шу. Нерв ҳужайраларининг таналарида энергия нисбатан кўпроқ сарфланади ва моддалар тезроқ алмашинади. Шу боис озиқ моддалар ва кислород камчилиги миянинг кулранг моддасига кучли таъсир кўрсатади. Нерв тизимининг фаолиятида бир нейрондан иккинчи нейронга ёки бошқа ҳужайрага импульс ўтишида физиологик фаол моддалар – медиатолар муҳим роль ўйнайди.
Н. с. нинг ишлашида биотоклар муҳим аҳамият касб этади. Улар қўзғалиш жараёнининг характерли белгиси бўлиб, нерв импульларининг (қ. Нерв импульси) ўтишида катта аҳамиятга эга. Нерв тизими биотокларини сезгир асбоблар ёрдамида қайд қилиш, бу система физиологиясини ўрганишда асосий усуллардан биридир, баъзан одамдаги нерв тизими касалликларини аниқлашда ҳам бу усул қўлланади.
И. П. Павлов нерв тизимининг тиллари (ҳайвонлар ва одам олий нерв фаолиятининг шахсий хусусиятлари) ҳақидаги тушунчани физиологияга киритган. Қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг кучи мувозанатлангалиги, ҳаракатчанлик каби 3 та асосий функционал хоссани назарда тутиб, нерв тизимининг одам ва ҳайвонлар учун умумий бўлган қуйидаги типлари аниқланган: 1) жуда жонсарак тилда қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари кучли, аммо мувозанатлашмаган (қўзғалиш тормоланишдан устун) бўлади; 2) жуда серҳаракат тилда нерв жараёнлари жуда кучли, мувознатлашган ва яхши ҳаракатчан (тез алмашнадиган) бўлади; 3) жуда ювош тилда нерв жараёнлари кучли, мувозанатлашган, лекин ҳракатчанлиги камроқ (секин алмашинадиган) бўлади; 4) нимжон тилда нерв жараёнлари суст, бош мия пўстлоғидан нерв ҳужайраларининг иш қобилияти паст бўлади. И. П. Павлов Н. т. нинг типлари билан одамларнинг 4 хил темперменти (мизож) ўртасида ўхшашлик борлигини аниқлади. Жонсарак тип холерик темпераменга, серҳаракат тип сангвиник темпераментга, ювош тип флегматик темпераментга, нимжон тип меланхолик темпераментга мос келади.