Ҳаво ва қуёш ванналари – даво ва чиникиш мақсадида ҳаво ҳамда қуёш нурининг шифобахш хоссасидан фойдаланиш. Ҳ. ва қ. в. санаторий ва курортларда даволанишнинг муҳим қисми ҳисобланади, ундан кундалик шароитда ҳам (врачнинг тавсияси бўйича) фойдаланиш мумкин.
Ҳаво ванналари турларидан бири – пешавонда даволаниш, бунда даволанувчилар очиқ пешайвонда маълум вақт бўладилар; беморлар мавсумга мувофиқ кийиниб олишлари лозим (совуқ пайтларда иссиқ адёл, ётоқ қонидан фойдаланилади). Ҳаво ваннаси қабул қилаётганда эркин ҳаракатланаётган ҳаво теридаги нерв учларини кўзғатиб, унинг нафас олишини ва қоннинг кислородга тўйинишини таъминлайди. Бунда оксидланиш жараёнлари ва моддалар алмашинуви жадаллашади, мушак ва нерв тизимининг қуввати ошади, организмдаги терморегуляция тизими чиникади, иштаҳа очилади, уйқу яхшиланади. Ҳавосининг таркибида кислород кўп бўлган жойларда ҳаво ваннаси айниқса, фойдали, бундай ҳаво денгиз тузлари, енгил аэроионларга бой бўлади.
Ҳаво ваннаси ва муддатини шифокор белгилайди. Ҳаво ваннаси организмни, айниқса, болалар организмини чиниқтиришда, организмнинг ташқи муҳит таъсирларига қаршилигини кучайтиришда (қ. Организмни чиниқтириш), шунингдек, бир қатор касалликларда, жумладан, ўпка сили, камқонлик, нерв тизимининг функционал касалликларида, юрак-томир тизими касалликларида тавсия этилади. Ўткир иситма, ревматизм, бўғимларнинг сурункали яллиғланишида, неврит ва миозит касалликларида ҳаво ваннаси буюрилмайди.
Ҳаво ванналари иссиқ (22° дан юқори), салқин (17-20°) ва совуқ (17° дан паст) бўлиши мумкин. Даво курси 20° дан юқори ҳароратда бошланади; биринчи куни 10-15 мин. қабул қилиб, кейин кун сайин 10-15 мин. дан қўшиб борилади ва 1,5-2 соатгача етказилади. Салқин ҳаво ванналари бошланишда 3-7 мин. қабул қилинади, кейин кун сайин 3-5 мин. дан узайтириб бориб, 1 соатга етказилади. Ҳаво ҳарорати 17° дан паст бўлганда совкотмаслик мақсадида енгил жисмоний машқлар ҳам қилиш керак.
Совуқ ҳаво ванналари чиниккан кишилагагина буюрилади ва унинг вақти 7-20 мин. дан оширилмайди. Ҳаво ванналарини эт жунжкиб, «бадан туклари тиккаядиган» даражагача қабул қилмаслик лозим.
Қуёш ванналари. Қуёш нурининг таркиби ва одам организмига таъсири бир хил эмас. Қуёш нурлари кўзга кўринадиган (ёруғлик) ва кўзга кўринмайдиган инфрақизил ҳамда ультрабинафша нурлардан иборат. Инфрақизил нурлар организм тўқималаридан ўтаётганида иссиқлик эффекти ҳосил қилади ва терининг нурланаётган қисми ҳароратини оширади.
Қуёш ванналари кўрсатмасига мувофиқ бир қатор тери ва бўғим касалликларида, радкулит, неврит ва бошқа(лар) касалликларда қабул қилинади, ундан чиниқтирувчи муолажа сифатида грипп, ангина, юқори нафас йўллари катари каби касалликларни олдини олишда фойдаланилади. Айрим касалликларнинг ўткир даври, ўпка ва меъда-ичак касалликларида қуёш ваннаси тавсия этилмайди.
Қуёш ванналари умумий (бутун баданни нурлантириш) ва маҳаллий (баданнинг бир қисмини нурлантириш) бўлиши мумкин. Баданни нурлантиришда куёшнинг умумий рдиациясидан фойдаланилади. Қуёш ваннасини кушеткада ётиб ёки ўтириб баданнинг ҳар томонини қуёшга тоблаб қабул қилинади. Қуёш ваннасидан аввал ҳаво ваннасини қабул қилган маъқул. Тўғри радиацияли қуёш ваннасини қабул қилишда бошни соябон ёки тўсиқ билан пана қилиб олиш, кўзга қора кўзойнак тақиш керак, уни наҳорга, овқатланишдан олдин ва овкаланган заҳоти қабул қилиш тавсия этилмайди. Қуёш ваннаси сояда дам олиш билан тугалланади, шундан кейин чўмилиш ёки душ қабул қилиш мақсадга мувофиқ.
Болаларнинг қуёш ваннаси қабул қилиларида алоҳида эҳтиёткорлик талаб этилади. Уларни дарров яланғоч қилиб ечинтириб кўймаслик, бошига соябонли шляпа кийдириш лозим. Баданнинг жуда қизиб кетишига ва ультрабинафша нурларнинг ортиқча таъсир этишига йўл қўймаслик учун вақт-вакти билан сояда дам олиб туриш зарур.
Ортиқча қуёш нури организмга ёмон таъсир этиб, терининг куйиши (баъзан некроз кузатилиши), офтоб уриши, яллиғланиш, чарчаш, бош оғриши, уйқусизлик, иситма кўтарилишига ва баъзи касалликларнинг зўрайиб кетишига олиб келиши мумкин.
Ҳ. ва к. в. ёз фаслида пляжларда, парклар, денгиз ва сув ҳавзалари кирғокларига қурилган солярийлар, аэросолярийларда махсус айвонларда қабул қилинади.
[addtoany]