Ҳалқум, ютқин – оғиз бўшлиғини қизилўнгач билан туташтирувчи меъда-ичак йўлининг олдинги қисми; шакли эгри найсимон; орқа юзасига қараб яссиланган, пастки қисмига қараб торайган бўлади. Ютиниш вазифасини бажаради ва нафас олишда иштирок этади. Ҳалқум деворларидан ўпка, шунингдек, айрисимон, қалқонсимон без, қалқонсимон без олди безлари ривожланади. Ҳалқумнинг ўз. 15 см ча. Ҳалқум бурун ва оғиз бўшлиғининг давоми бўлиб, пастдан ҳиқилдоқ ва Евстахий найлари орқали ўрта кулокдаги ноғора бўшлиғи билан туташади. Ҳалқумнинг олд девори деярли йўқ; ҳалқумдан олдин бурун, оғиз бўшлиғи ва ҳиқилдоқ жойлашади. Шу боис Ҳ. нинг юқориги – бурун ёки брун-ҳалқум қисми, ўрта – оғиз қисми ва пастки – ҳиқилдоқ қисми ажратилади. Бурун-ҳалқум қисми бурун ва ўрта қулоқ бўшлиғи билан; оғиз қисми томоқ тешиги орқали оғиз бўшлиғи билан; ҳиқилдоқ қисми эса ҳиқилдоқ билан туташади. Ҳалқумнинг ҳиқилдоқ қисми ҳикилдоқнинг орқа томонида жойлашган, унинг олдинги ва орқа деворлари фақат овқат ёки суюқликка ютиш пайтида бир-биридан узоқлашади, бошқа вақтда эса бир-бирига тегиб туради. Ҳалқум орқа деворининг юқори қисмида, ўрта чизиқ бўйлаб лимфа тўкимасидан тузилган ҳалқум муртаги жойлашган. Бурун-ҳалқум қисмининг ҳаракатсиз ён деворларидан ўрта қулоққа олиб борувчи эшитув найи бошланади. Шу жойда эшитув найи тешиги билан юмшоқ танглай чодири орлиғининг ўнг ва чап томонида лимфа тўқимасидан тузилган най муртаги бор. Ҳалқум муртаги, 2 та най муртак, 2 та танглай ва тил муртаклар биргаликда Ҳ. нинг кириш қисмида ҳалқага ўхшаб жойлашади. Ҳалқум деворининг хусусий пластинкаси сийрак бириктирувчи тўқимадан иборат бўлиб, жуда кўп эластик толалар тутади. Бу пластинка калла суягининг ташқи асосига туташади, шу сабабли, Ҳ. бурун қисмининг орқа ва ён деворлари бир-бирига якинлша олмайди ва ҳаво бурундан бевосита Ҳ. нинг бурун қисми орқали ҳикилдоққа ўтади.
[addtoany]