Ҳаёт

Ҳаёт, тириклик, тирик организмлар – материянинг энг юксак шакли. Замонавий карашларга биноан ҳаёт ташқи муҳитдан олинадиган энергия ҳисобига ўз-ўзидан бошқариладиган ва ўз-ўзини бунёд этиш хоссасига эга бўлган ўзига хос структуралардан иборат. Молекуляр биология, биофизика, биокибенетика ва бошқа(лар) фанлар соҳасида олиб борилган тадқиқотлар натижасида ҳаётнинг моддий асослари биополимерлар эканлиги аниқланди. Улардан оқсиллар ва нуклеин кислоталар барча тирикликнинг доимий таркибий қисми ҳисобланади. Биополимерлар ҳаёт намоён бўлишининг молекуляр жараёнларида иштирок этади. Ҳаётий жараёнларда омилларнинг аҳамияти улар кимёвий тузилиши ва биологик функцисининг хилма-хиллиги билан белгиланади. Ҳар қандай генетик информация оқсил молекуласида аминокислоталарнинг кетма-кет жойлниши орқали намоён бўлади. Генетик инфомацияни нуклеин кислоталар (ДНК ёки РНК) ўзида сақлайди ва ирсиятга ўтказади. Оқсиллар биосинтезида бу информация ҳужайранинг генетик аппарати (геном)дан цитоплазмага ўтиб, оқсил молекуласига аминокислоталар кодиқлари кетма-кетлигидан иборат узун занжир шаклида ёзиб олинади. Оқсиллар синтезининг амалга оширилиши орқали нуклеин кислоталар ҳужайрада кечадиган моддалар алмашинуви тавсифини белгилаб беради. Моддалар алмашинуви эса ўзаро мувофикдашган ва динамик боғланган ассимиляция (пластик алмашинув) ва диссимиляция (энергия алмашинуви) жараёнлари яхлит тизимидан иборат. Бу жараёнлар туфайли тирик организмлар ҳаётий фаолиятларининг бажарилиши учун зарур бўлган шарт-шароит вужудга келади, яъни улар таркибининг ўз-ўзидан янгиланиши содир бўлади ва бу таркибнинг нисбий турғунлиги сақланиб қолади.

Умумий маънода ҳаёт ўзига хос структурларнинг ташқи муҳитдан олинган энергия сафи орқали ўз-ўзини бошқариш ва бунёд этиши тариқасида талқин қилинади. Бу тавсифдан моддалар ва энергия алмашинуви орқали организм билан ташқи муҳит ўртасида доимий боғланиш бўлиб туриши тўғрисидаги тушунча келиб чиқади. Организмда моддалар алмашинуви ассимиляция жараёнлари мажмуидан иборат. Ассимиляция ҳужайра молекуляр компоненларининг, жумладан, тур учун хос бўлган моддалар (оқсил, нуклеин кислоталар) синтези ва диссимиляциясини, яъни ишлатиб бўлинган моддаларнинг парчаланиши ва организмдан чиқарилишини ўз ичига олади. Мазкур жараён энергиянинг қайта тақсимланиши орқали содир бўлади. Бу жараёнда автотроф фотосинтезлочи организмлар (яшил ўсимликлар, фототроф бактериялар) қуёш энергиясини ўзлаштириб, уни кимёвий боғлар энергиясига айлантиради (масалан, АТФ синтези, фосфорланиш). Хемоситезловчи автотроф (темир ва олтингугурт батериялари) кам оксидланган анорганик бирикмалар энергиясидан, гетеротрофлар (кўпчилик бактериялар, ҳайвонлар, замбуруғлар) эса авторофлар ёки б. гетеротрофлар синтезлаган органик моддаларнинг парчаланиши натижасида ҳосил бўлган энергиядан фойдаланади. Метаболитик ўзгаришлар давомида энергиянинг кўп қисми иссиқлик шаклида йўқотилиши натижасида организм – муҳит тизими энтропияси ошади.

Ҳаётга моддалар алмашинуви жараёни сифатида караш ўз аҳамиятини йўқотмаган, лекин бу қарашлар янги маълумотлар билан бойиб бормоқда. Моддалар алмашинуви – ҳаёт учун зарур бўлган тузилмаларнинг сақланиб туриши ва ҳосил бўлишининг зурур шарти сифатида ҳар бир организм тури учун ўзига хос бўлади. Ҳаётнинг замонавий тавсифига кўра, унинг асосий хоссаларига моддалар алмашинуви билан бир қаторда ўз-ўзини яратиш (репродукция), ирсийланиш ва ўзгарувчанлик намоён қилиш, ўсиш ва ривожланиш, таъсирланиш ва таъсирга жавоб бериш, ўз-ўзидан бошқарилиш, ритмлилик, энергияга муҳтожлик ва бошқа(лар) хусусиятлар ҳам киради. Муайян тузилган структураларнинг бузилиши билан ҳаёт ҳам тўхтайди. Структураларни^ ўзига хос хусусиятлари матрица усулида кўпаядиган генетик программада мавжуд бўлган ахборот билан боғлик. Матрица синтези жараёнида генетик программадан хато нусха олиниши (мутация) мумкин. Бунинг натижасида олинган программа нусхалар ўртасида фарқ (конвариант репликация) пайдо бўлади. Мутацияларнинг асосий қисми эволюциянинг дастлабки даврлрида содир бўладиган репарация механизмлари орқали йўқотилади, лекин сақланиб қолган ирсий ўзгаришларнинг ўзи организмларнинг хилма-хил бўлиши ва уларда ташқи муҳит шароитига хар хил мосланишлар вужудга келиши учун етарли бўлади. Организмлар белгиларининг хилма-хиллиги табиий танланиш учун шарт-шароит яратади; бу эса, ўз навбатида, яшаш шароитига қараб организмларнинг мукаммалланган (прогресс)га ёки улар тузилишининг соддалашуви (регресс)га олиб келади. Шундай қилиб, ҳаёт ўз моҳиятига кўра ўз-ўзини яратадиган жараён сифатида эволюциянинг шарт-шароитларини белгилаб беради. Ер юзасида ҳаёт молекуляр, ҳужайра, организм, популяция, тур, биогеоценез (экосистема) ва биосфера даражаларида намоён бўлади. Биология фаларининг 20-а. да эришган ютуқлари асосида ишлаб чиқилган ҳаётнинг замонавий тавсифлари уни табиатан моддий эмаслиги тўғрисидаги ғайритабиий назарияларга ўрин қолдирмайди. Шунинг билан бирга бу тавсифлар ҳаётни фақат физик-кимёвий қонуниятлар билан боғлаб қўйишга имкон бермайди. Моддалар алмашинуви асосида амалга ошириладиган матрица синтези ва ундан келиб чиқадиган биологик эволюция нотирик табиат учун хос бўлмайди. Моҳиятига кўра ҳаёт нотирик табиатга нисбатан материя ҳаракатининг анча юксак даражадаги шакли ҳисобланади.

[addtoany]