Ҳомила – она қорнида 2-ойнинг охиридан (9 ҳафта) бошлаб туғилиш вақтига қадар (40 ҳафта) ривожланаётган пушт (эмбрион). 9-ҳафтада ҳомила инсон қиёфасига киради (бу даврда ҳомиланинг боши, кўзи, бурни, оғзи, танаси, қўл-оёқлари аниқ бўлади); улкан (вазни 5 кг дан ортиқ), яшашга лаёқатли (28 ҳафталик, вазни 1 кг ча, бўйи 35 см дан кам бўлмаган), йирик (вазни 4-5 кг ча), чала (28-38 ҳафталик, вазни 2,5 кг ва бўйи 45 см дан кам бўлмаган), яшашга лаёқатсиз (28 ҳафтадан кам, вазни 1кг, бўйи 35 см дан кам), туғилиш муддати ўтган (42 ҳафталикдан ўтган) ҳомила фарқ қилинади.