Тери

Тери — одам ва ҳайвонлар танасининг ташқи қоплами. Организмни ташқи таъсиротлардан ҳимоя қилади, сезиш, моддалар алмашинуви, организмдан кераксиз моддаларни чиқариш, терморегуляция ва бошқа(лар)да қатнашади. Катта ёшдаги Одамда тери сатҳи 1,5-2 м2, қалинлиги тананинг турли жойида турлича бўлиб, 0,5 мм дан 2 мм гала. Кафт ва товонда 4 мм га етади. Тери бутун баданни коплаб, оғиз, бурун, сийдик чиқариш канали, анус соҳасида шиллиқ қаватга айланади. Тери ўзига хос ранг ва тусга эга, у донадор ва мугуз қаватларнинг қалинлигига, томирларнинг юза жойлашишига, шу билан бирга, меланин пигментининг кўп-озлигига қараб белгиланади. Терининг ранги ташқи ва ички омиллар таъсирида ўзгариб туриши мумкин. Тери юзаси, одатда, нотекис, унда сон-саносиз эгатча, бурма ва чукурчалар бўлиб, улар бир-бири билан кесишган жойларда учбурчаклар, ромбиклар шаклини ҳосил қилади. Панжаланинг дорсал юзаларида булар, айниқса, яққол кўриниб туради. Бармоқларини кафт юзаларида тери эгатчалари концентрик айлана шаклида жойлашган. Бу шакллар ҳар бир шахсда ўзига хос нақшни ҳосил қилади. Шахсни аниқлашда (дактилоскопия), одатда, шу накшлар изидан фойдаланилади.

Тери ташқи (эпителиал) ва ички (бириктирувчи тўқимали) қаватлардан иборат. Бу қватлар турли моддалар ишлаб чиқарадиган базал мембрана билан ажралиб туради, эпителиал каватда турли бир ёки кўп ҳужайрали безлар бор. Эпителий ажратган қаттиқ моддалар моллюскалар ва баъзи жониворларда скелет ва ҳимоя элементи вазифасини бажаради. Эпителий ҳужайралари цитоплазмасининг қисман ўзгариши бўғимоёқлилар скелети ва паразит чувалчанглар кутикуласини, яъни кимёвий ва механик ҳимоя органини ҳосил қилади. Умуртқасизларда тери эпителийси бир қават ҳужайрали, умуртқалиларда кўп кават ҳужайрали. Қуруқликда яшовчи умуртқалилар ташқи кават ҳужайраларининг бутунлай шох қатламига айланишидан эпидермиснинг узлуксиз янгиланиб турадиган шох қавати вужудга келади. Юқори умуртқалилар тери сининг шох катлами ва бўғимоёқлиларнинг хитинли зирҳи қуруқликда яшаш учун атмосферанинг турли ҳарорати ва таъсирига чидамли бўлишида муҳим роль ўйнайди. Баъзи сут эмизувчилар ҳамда қушларнинг тук ва патлари тана ҳароратни сақлаб туради ва уларга қаттиқ совуқда ҳам яшашга имкон беради. Бириктирувчи тўқима қавати ёки берма терининг коллаген ва эластик толаларини шакллантиради. Бу толалар терининг чидамли ва эластик бўлишига (масалан, умуртқалилар, бош оёқли моллюскаларда), шунингдек, баликларда суякли ва бошқа(лар) тангачалар юзага келиши ҳамда терининг суякланишига (судралиб юрувчиларда) ёрдам беради.

Одам териси 3 қаватдан – эпидермис (эпителиал кават), ўрта қават – хусусий тери қавати (дерма) ва тери ости ёғ қавати (клетчатка)дан таркиб топган. Эпидермиснинг ўзи базал кават, тикансимон кават, донадор қават, ялтироқ ва мугуз (шох) қаватдан иборат. Терининг устки мугуз қавати жуда чуқур жойлашган ҳужайралардан шаклланади; унда кўп нерв толалари бор. Бу кават иссик-совуқ ва ташқи муҳитнинг барча таъсиротларига анча чидамли, у шикстланмаган бўлса, касаллик қўзғатувчисини ўтказмайди. Унинг уст қисми билинар-билимас қипикланиб, кўчиб туради, пўст ташлайди (физиологик пўст ташлаш). Хусусий Т. қавати, асосан, пишиқ бириктирувчи тўқима ва асосий моддалардан ташкил топган бўлиб, унда қон ва лимфа томирлари, нерв толалари, ёғ ва тер безлари, шунингдек, соч ва тирноқ илдизлари жойлашган. Ёғ безлари юзда, бош, кўкрак ва елкада кўп бўлади; улар ўзидан таркибида ёғ кислота, оқсил, холестерин ва гормонал ёғсимон моддалар ажратиб чиқаради, бу Т. устини мойлаб туради, эластикпигини оширади, уни терлаб шилинишдан сақлайди. Ёғ билан тер қўшилиб, Т. устида кислотали муҳит ҳосил қилади ва Т. да йирингли касалликларни вужудга келтирадиган микробларни ўлдиради. Ёғ безларининг иши маълум даражада эндокрин тизим фаолиятига ҳам боғлиқ. Тери нотўғри парвариш қилинса, у юпқалашиб, қуруқшаб қолади, майда ажин тушади, шўралайди, қизил доғлар пайдо бўлади. Тери даги қон ва лимфа томирлари бир-бири билан чалкашиб тўр ҳосил қилиб, терининг нормал озиқланишини таъминлайди. Терида нерв чигали ва нерв томирлари кўп. Шулар ёрдамида киши оғриқни, иссиқ-совуқни, турли кимёвий таъсиротларни, шунингдек, босимни сезади. Айниқса, бармоклар, бурун учи, кафт ва орқадаги ўрта чизиқ соҳаси Т. си сезгир бўлади.

Тери ости ёғ қавати ёғ билан тўла катакчалардан иборат, улар бириктирувчи тўқимадан вужудга келади. Бу қаватнинг қалинлиги баданнинг турли ерида турлича, масалан, кўз ковокларида бутунлай бўлмайди, лунж, қорин ва думбада қалин бўлади. Тери ости ёғ қавати нерв ва қон томирларига бой. Тери ранги, асосан, меланин пигментига, қон томирларининг тўлишига ва эпидермис қалинлигига боғлик. Турли омиллар, масалан, қуёш нури таъсирида ва айрим касалликларда (қ. Пес) Т. пигментацияси ўзгариши ёки пигмент бутунлай бўлмаслиги ҳам мумкин.

Тери организм билан ташқи муҳит ўртасида тўсиқ вазифасини ўтайди. Организмни ташқи муҳитнинг нохуш омилларидан (кимёвий, физик ва биологик) ҳимоя қилади. Мугуз қаватнинг зичлиги, устидаги ёғ бириктирувчи тўқималарнинг чўзилувчанлиги, Т. ости ёғ қаватининг қалин бўлиши организмни турли механик таъсиротлардан, шунингдек, унча кучли бўлмаган ишқор ва кислоталар таъсиридан сақлайди. Бу қават электр токини ёмон ўтказади. Тери даги кислотали муҳит микроблар киришига тўсқинлик қилади; мабодо шикастланган Т. орқали микроб кириб қолгудек бўлса, унга қарши таъсир кўрсатадиган моддалар таъсирига учрайди ва шу жойга лейкоцитлар етиб келиб, қаршилик кўрсатади, шу соҳа Т. сида яллиғланиш аломатлари пайдо бўлади. Тери сув, туз, оқсил, ёғ, витаминлар ва газ алмашинувида иштирок этади. Тана ҳароратини сақлашда Т. жуда катта аҳамиятга эга.

[addtoany]