Кахексия

Кахексия [юн. kakos – ёмон, hexis – аҳвол] – очлик, тўйиб ёки ёлчитиб овқат емаслик, моддалар алмашинувининг жиддий бузилиши оқибатида ҳаддан ташқари озиб кетиш, чўустихон бўлиб қолиш. Алиментар дистрофия, сурункали заҳарланишлар (маргимуш, симоб ва бошқа(лар)дан), ҳолдан тойдирадиган касалликлар (сил, рак), шунингдек, ички секреция касалликлари, баъзи авитаминозлар кахексияга олиб келади. Тана вазни кескин камайиб кетади, дармон курийди, кўз киртаяди, соч тўкилади, тери бришиб кўриб қолади. Беморнинг ранги заҳил тортади, тана ҳарорати ва қон босими пасаяди, юрак уриши сустлашади, қонда қанд миқдори камаяди, тери суякка ёпишиб қолгандек туюлади, ички аъзолар атрофияси кузатилади. Баъзи ҳолларда бадан шишади, руҳият ўзгаради. Бундай ҳолат кўпроқ 20-40 ёшли аёлларда кузатилади. Келиб чиқиш сабаблари, ривожланиш механизмлари ва ҳ. к. га кўра, кахексиянинг бир неча тури (алиментар, гипофизар, ўсма ва бошқа(лар)) фарқ қилинади. Асосан, бош мидда жойлашган гипофиз – ички секреция безининг гормонлар и. ч. фаолияти издан чиқади. Бош миянинг ўрта қисмида жойлашган гипоталамик-гипофизар соҳада ўзгаришлар (ўсма, яллиғланиш ва бошқа(лар)) содир бўлади. Кахексияни бартараф этиш учун унга сабаб бўлган асосий касалликни йўқотиш чоралари кўрилади, гипофиз ўсмасида нейрохирургия қўлланилади, бошқа сабаблар бўлса, гормонлар билан даволанади.

[addtoany]