Кекирик

Кекирик, кекириш – меъдадан ёки қизилўнгачдан оғиз орқали беихтиёр ҳаво чиқиши. Меъданинг ўн икки бармоқ ичакка ўтган жойи (пилорус) торайиб қолганда меъда, диафрагма ва қорин мушаклари рефлекс йўли билан қискарганда рўй беради. Кекирик меъда, жигар, ўт пуфаги ва бошқа(лар) аъзолар касалликлари, шунингдек, юрак-томир тизими фаолияти сусайганда, невроз ва ҳ. к. да кузатилади. Соғлом одамлар шошиб овқат еганида, минерал сув ичганида ёки қуруқ овқат еганида кўп ҳаво ютилиши натижасида кекиради. Бундай кекирикнинг ҳиди ҳам, таъми ҳам бўлмайди ва бирорта касаллик белгиси ҳам ҳисобланмайди. Кекирик аксарият эмадиган болаларда рўй беради: бола эмаётганида ортиқча ҳаво ютиб юборади ва кейин уни сут билан оз-оздан чиқаради. Меъда ширасининг кислталилиги ошиб кетганда кекирик нордон бўлади. Аччиқ К. меъдага ўн икки бармоқ ичакдан сафро тушганда кузатилади. Бемаврид кекиравериш бирор касаллик аломати бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолларда К. ка сабаб бўлган асосий касаллик даволанади.

[addtoany]