Кератит [юн. keras, keratos – мугуз, itis – яллиғланиш] – кўз мугуз (шох) пардасининг яллиғланиши. Вируслар (герпетик кератит), баъзан бошқа Микроорганизмлар кўзғатади. Мугуз пардага инфекция кириши, ёт жисмлар тушиб шикастланиши (тирналиш ва ҳ. к.), грипп, сил, дифтерия каби инфекцион касалликлар, шунингдек, организмда А витамин етишмаслиги ҳам кератитга сабаб бўлиши мумкин. Ташқи таъсиротлар келтириб чиқарадиган (экзоген) ва умумий касалликлар пайдо қиладиган (эндоген) кератит, шунингдек, юза (бунда мугуз парданинг юза қисмида инфильтрат вужудга келади) ва чуқур (бунда мугуз парда остидаги каватлар ҳам касалланади) К. ажратилади. Касалликда бемор ёруғликка қарай олмайди, кўз қизаради, ёшланади ва санчиб оғрийди. Кератит жиддий касаллик бўлиб, ўз вақтида даволанмаса ёки нотўғри даволанса, кўзга оқ тушиши ёки бошқа оғир асоратлар юзага келиши мумкин. Шу боис хасталикка хос аломатлар пайдо бўлиши ҳамон шифокорга кўриниш зарур.
[addtoany]