Вируслар [лот. virus – заҳар] – фақатгина тирик ҳужайраларда кўпайиб, ўсимлик, ҳайвон ва Одамда юқумли касаллик қўзғатувчи Микроорганизмлар. Ўтмишда «Вируслар» атамаси ҳар хил касаллик қўзғатувчиларга, айниқса, номаълум агентларга нисбатан қўлланилган. Француз олими Л. Пастер бир қанча касалликларнинг келиб чиқишида бактерияларнинг ролини исботлаб берганидан сўнг вируслар тушунчаси «микроб» сўзининг синоними сифатида қўлланила бошланди. Касаллик қўзғатувчи бу икки гуруҳ агентлари, яъни бактериялар билан вируслар ўртасидаги муҳим фарқ рус олими Д. И. Ивановский (1892) ва кейинчалик бошқалар тамаки мозаикаси ҳамда жуфт туёқли ҳайвонларнинг оқсил касали қўзғатувчилари бактериал сузғич (фильтр) дан ўтишини исботлагач, аниқланди.
Улар табиатда кенг тарқалган, одам, ҳайвонлар ва ўсимликларда ҳар хил оғир касалликларни пайдо қилади. Улар махсус тарқатувчи ёки механик йўл билан тарқалади. Кўпчилик вируслар йиллаб тириклик хусусиятини йўкотмайди, қулай шароитга (тирик ҳужайрага) тушиб қолиши билан касаллик қўзғата бошлайди. Айримлари (масалан, грипп вируси) ташқи муҳитда ўз хусусиятини йўқотади. Вируслар қўзғатадиган касалликнинг пайдо бўлишига, кўпинча, фақат битта вирус зарраси сабаб бўлиши мумкин. Масалан, битта полиомиелит вируси зарраси (молекуласи) дан бир неча соатда миллиардлаб бошқа зарралар вужудга келади. Уларнинг кўпайиши цитоплазмадаги аминокислоталар билан боғлик. Миллионлаб вируслар молекулалари йиғиндиси микроскоп остида кристаллар ёки Х-таначалар шаклида кўринади. Касаллик ҳолатини кўзғатиш хусусияти, касаллик қўзғовчи бошқа агентларга нисбатан жуда кичиклиги ва одатдаги сунъий озуқли муҳитда ривожланмаслиги вирусларнинг ўзига хос хусусиятидир. Фақат баъзи бактериофглар бундан мустасно, уларни лабаротория шароитида кўпайтириш мумкинлиги исботланган. Лабароторияда ўрганиш имконияти бўлган барча вируслар ҳар хил физик усуллар билан бирмунча аниқ «ўлчанган». Уларнинг диаметри 10-300 мкм. Таёқча, шар ёки ипсимон шаклда бўлади. Ўсимлик ва ҳайвонларда касаллик қўзғатувчилари кўпинча юмалоқ шаклда. Буғдой ва беда мозаикаси вируслар ташқи кўриниши билан бактерия таёқчаси ёки ўққа ўхшайди. Уларнинг тузилишини электрон микроскоп ва рентгенда тадқиқ қилиш орқали баъзи нозик таркибий қисмлари аниқланган. Уларнинг ҳаммасида ички модда, асосан, нуклеин кислотадан иборат бўлиб, у оқсил қобиқ билан ўралган. Бир неча тур вирусларнинг кимёвий таркиби ўрганилган, холос. Уларнинг тузилиши ҳам, чамаси оддий бактерияларники каби мураккаб. Унинг таркибида нуклеопротеилар, карбонсувлар ва липоидлар бор. Нуклеин кислотаси дезоксирибоза шаклида, липоидлар гуруҳи эса холестерол, фосфолипид ва нейтрал мой кўринишида учрайди. Фитопатоген вируслар таркибида рибонуклеин кислота (РНК), ҳайвон ва одамларда касаллик қўзғатувчиларида эса РНК ёки ДНК (дезоксирибонуклеин кислота) бор. Баъзи вируслар тозаланган препаратлар ҳолида олниб, уларнинг бир қисми тоза ҳақиқий кристаллар (масалан, тамаки некрози), бошқалари эса суюқ кристаллар (масалан, тамаки мозаикаси) ёки шаклсиз чўкмалар ҳосил қилади. Уларни ажратиб олиш ва тозалаш учун ультрацентрфугаланади, турли хил физик-кимёвий усуллардан фойдаланилади.
Вирусларнинг таснифи (классификацияси) ва уларни ифодалайдиган белгилар ҳали қабул қилинмаган. Уларга ҳам худди ҳайвонлар ва ўсимликларга бериладиган тур ва туркум номи берилади, халқ ифодалари, ҳар хил қисқармалардан фойдаланилади, касалланувчи организмнинг туркум номи билан аталиб, ёнига рақам қўйилади ёки вируслар морфологик, кимёвий хоссалари ва репродуктив хусусиятларига биноан уруғ ва оилаларга бирлаштирилади. Вируслар уруғининг лотинча номига virus сўзи (масалан, Enterovirus), оиласи номига viridae сўзи (масалан, Poxviridae) қўшилиб ёзилади.
Улар организмга ҳар хил йўллар билан киради, масалан, вируслар ўсимлик ҳужайраларига четдан фақат улар шикастланганида кириши мумкин. Грипп вируси ва бошқаларда ҳужайра кобиғини бузиш хусусиятига эга бўлган ферментлари бор. У организмга кирган, инфекциянинг латент ёки яширин даври бошланади. Кўпгина вируслар ҳужайраларда тўпланиб, ҳужайра ичида ўзига хос таркибий қисмлар ҳосил қилади (қ. Вирусли грануллёз). Вируслар билан зарарланган ўсимликлар, одатда, бутун ҳаёти давомида инфекция ўчоғи бўлиб қолади. Вируслар экологик, биологик ва бошқа(лар) омиллар таъсирида вужудга келадиган кучли ўзгарувчанликка эга. Улар табиатда кенг тарқалган бўлиб, улар жуда кўп хўжайинга эга. Асосан, сўрувчи ҳашаротлар, каналар ва нематодалар билан тарқалади. Баъзи В. уруғлар орқали тарқалади ва деярли барча В. касал ўсимлик жинссиз кўпайганда авлодига ўтади. Вирусларнинг патологик таъсири хилма-хил бўлиб, асосан, уларнинг кўпайишдан хўжайин организмида юз берадиган оқсил ва нуклеин алмашинувининг бузилиши билан белгиланади (қ. Вирусли касалликлар). Уларни вирусология фани ўрганади.
[addtoany]