Клизма

Клизма [юн. klisma – ювиш], ҳуқна – даво мақсадида тўғри ичакка анус орқали махсус асбоб ёрдамида суюқлик (кўпинча сув) юборишдан иборат табиий муолажа. Тозаловчи, диагностик, даво, дори ва озиқ клизмалар фарқ қилади. Муолажа учун махсус ноксимон резина баллон (баъзан махсус қаттиқ учлик қисқичи ёки жўмраги ҳамда учлиги бор резина найчали воронка) ёки Эсмарх кружкасидан (уни таклиф этган немис олимининг номи билан аталган) фойдаланилади. Тозаловчи клизма қабзиятда, озиқ-овқатдан заҳарланганда, шунингдек, касалликларни даволашда, меъда-ичак йўлини ва кичик чаноқ аъзоларини рентгенологик текширишдан, операциядан, туғишдан, дори ва озиқ клизмадан олдин қўлланилади. Баъзи бир даво клизмаси, айни вақтда, тозаловчи муолажа ўрнини ҳам ўтайди (масалан, мойчечакли, гипертоник, ёғли ва бошқалар). Катта ёшдагилар учун ўртача 1л га яқин тоза илиқ сув керак бўлади. Муолажанинг таъсири суюқлик миқдорига, унинг тезлик билан босим остида юборилишига боғлиқ. Дори клизма дори моддаларнинг ичак шиллиқ пардасига таъсир этиши ва дорининг организмга ичак орқали сўрилишини таъминлаш мақсадида қўлланилади. Дори клизмадан олдин, албатта, тозаловчи муолажа қилинади. Озиқ К. – сунъий овқатлантирининг бир тури. У организмнинг суюқликка, ош тузига ва бироз миқдорда бўлса-да, озиқ моддаларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қўлланилади. Бундай К. ни ҳам тозаловчи муолажадан кейин ўтказиш лозим. Муолажа нинг бу хили шифокор кўрсатмасига биноан даволаш муассасаларида ўтказилади.

Болаларга ҳам тозаловчи, даво ва озиқ клизмалари қилинади, бунда, албатта, унинг ёши (неча ойлиги) ҳисобга олинади. Клизма қилсам ичим юришади деб ҳадеб унга ружу қилавериш ҳам ярамайди, акс ҳолда, тўғри ичакнинг турли касалликларига сабаб бўлиши мумкин.

[addtoany]