Коллапс

Коллапс [лот. collapsus – беҳол, мажолсиз] – тўсатдан кескин рўй берадиган қон Томирлар етишмовчилиги, киши ҳаётини хавф остида қолдирадиган оғир ҳолат; артериал ва веноз қон босимининг кескин камайиши, марказий нерв тизими фаолиятининг издан чиқиши, моддалар алмашинувининг бузилиши, қон Томирлар девори тонусининг тўсатдан сусайиши, ҳаракатлар қон миқдори (массаси)нинг камайиши билан ифодаланади. Бош миядаги томир ҳракатланувчи марказ фаолиятининг сусайиши сабабли, асосан, қорин бўшлиғидаги аъзолар томирлари қонга тўлиб кетади, айни вақтда, энг муҳим ҳаётий аъзолар (мия, юрак, тери, мушакларга қон кам боради. Бирданига кўп қон йўқотиш, шок, кислород танқислиги, инфекцион ва бошқа айрим касалликлар (терлама, зотилжам, панкреатит ва ҳ. к.), заҳарланиш, шикастланиш ва бошқа(лар)да рўй беради, шунга кўра, коллапснинг геморрагик, гипоксемик, инфекцион, кардиоген, ортостатик, панкреатик, токсик ва бошқа(лар) турлари фарқ қилинади. Белгилари: дақиқа ичида беморнинг тўсатдан ранги ўчиб, бадани кўкаради, совуқ тер босади, кўзи ич-ичига тушиб, қорачиғи кенгаяди, юз қиёфаси ўзгаради, нафаси юзаки бўлади. Қон босими кескин пасайиб, томир уриши бутунлай сезилмай қолиши ҳам мумкин. Тана ҳарорати 35° га, баъзан ундан ҳам пастга тушади. Бемор мажолсиз, эси кирар-чиқар бўлиб қолади, айрим ҳолларда ҳушдан кетади. Коллапсда дарҳол шифокор чақирлади, у келгунча бемор бошига ёстиқ қўймай ётқизилади, оёғига грелка қўйилади, иссиқ чой ичирилади, у ётган уйга соф ҳаво кириб турадиган қилинади.

Даво тадбирлари коллапсга сабаб бўлган омилларни бартараф этишга қаратилган бўлиши лозим. Ўз вақтида кўрсатилган ёрдам яхши наф беради.

[addtoany]