Кома

Кома [юн. кета – чуқур уйқу], коматоз ҳолат – ҳаётга хавф тўлдирувчи ҳолат; марказий нерв тизими фаолиятининг издан чиқиши, бутунлай ҳушдан кетиш, ташқи таъсироларга жавоб бермаслик ва организмнинг ҳаёт учун муҳим фаолиятлари бошқарилишининг бузилиши билан ифодаланади. Одатда, комадан олдин кома олди ҳолати кузатилади, бунда нафас олиш ва Томирлар тонуси ўзгаради, пульс секинлашади, иссиқликни идора этиш (терморегуляция) бузилади. Марказий нерв тизими касалликлари (инсульт, мия ўсмаси, бош мияга қон қўйилиши, мия кўпчиши ва бошқа(лар) жароҳатлар), баъзи юқумли касалликлар (инфекцион менингит, энцефалит), шунингдек, буйрак ва жигар касалликларида турли заҳарланишлар (доридан, алкоголдан) бу холатга сабаб бўлади. Команинг қандай юзага келишидан қатьи назар, унинг асосида бош мия пўстлоғи фаолиятининг бузилиши (бош мияда қон ҳамда орқа мия суюқлиги айланишининг бузилиши, мия ички босимининг кўтарилиши, минераллар ва кислота-ишқор мувозанатининг айниши ва бошқа(лар) патологик жараёнлар ётади. Кома ҳолати турли касалликларнинг ўзига хос аломатлари билан кечади. Команинг мия , уремик, буйрак комаси каби турлари бор. Лекин «Кома» атамаси аксари қандли диабет оқибатида келиб чиқадиган оғир ҳолатни ифодалаш учун ишлатилади (диабетик кома). Оғир К. терминал ҳолат ҳисобланади.

Даво К. га сабаб бўлган омилни бартараф этишдан иборат. Бу ҳолатдаги бемор дарҳол касалхонага ётқизилади ва зудлик билан тегишли даво чоралари кўрилади.

[addtoany]