Марказий нерв тизими

Марказий нерв тизими – одам ва ҳайвонлар нерв тизимининг асосий қисми. Нерв ҳужайралари (нейронлар) ва уларнинг ўсимтларидан таркиб топган. Марказий нерв тизими умуртқасиз ҳайвонларда ўзаро бириккан нерв тугунлари (ганглий) тизимидан, умуртқали ҳайвонлар ва одамда бош мия ва орқа миядан иборат. Марказий нерв тизими ва периферик нерв тизими функционал жиҳатдан бир бутун тизим бўлиб, сезувчи (афферент) ва ҳаракатлантирувчи (эфферент) нерв толалари орқали барча аъзолар ва тўқималар билан боғланган. Марказий нерв тизимининг энг мураккаб ва махсус қисми бош мия катта яримшарларидир. Марказий нерв тизимининг асосий функцияси атроф муҳит ҳамда аъзолар ва тўқималардаги ўзгаришлар тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш, қайта ишлаш, ўтказиш ва сақлаш.и Организмнинг барча тизимлари фаолиятини бошқариш, улар ўртасидаги боғланишни амалга ошириш орқали организмнинг бир бутунлигини таъминлашдан иборат. Эволюция жараёнида умуртқасиз ҳайвонларда 2 хил: тарқоқ-тугунли (бўшлиқичлиларда) ва анча мураккаб тузилган тугунли (ҳалқали чувалчанглар ва бўғимоёқлиларда) асаб тизими шаклланган. Умуртқали ҳайвонларнинг эмбрионал ривожланишида марказий нерв тизими дастлаб яхлит нерв найи кўринишида бўлса, тубан хордалиларда (масалан, ланцетник) нерв найи уларнинг бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. Юксак хордлиларда эмбрионал ривожланиш даврида нерв найининг олдинги қисми йўғонлашиб бош мия бўлимларини ҳосил қилади. Дастлаб олдинги, ўрта ва ромбсимон бўлимлар, кейинроқ олдинги миянинг бир қисми – оралиқ мия ташкил топади; ромбсимон бўлимдан Вароли кўприги, мияча ва узунчоқ мия шаклланади. Судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчиларда олдинги миянинг пўстлоқости тузилмалари (базал ганглийлар, оралиқ мия) ва бош мия катта яримшарлари пўстлоғи ривожланади. Сут эмизувчиларда катта яримшарлар пўстлоғи бош миянинг энг йирик қисмини ташкил этади. Бош мия ҳам орқа мия сингари оралиқ ва ҳаракатлантирувчи нейронлардан иборат. Сезувчи нейронлар танаси эса марказий нерв тизимидан ташқарида ганглийларда жойлашган. Филогенез жараёнида оралиқ нейронларнинг миқдорий нисбати ортади. Юксак приматларда улар барча нейронларнинг 99,95 % ини ташкил этади. Марказий нерв тизимида нейроглия ҳужайралари ҳам бўлади.

Марказий нерв тизимининг фаолияти рефлекслар орқали амалга ошади. Барча психик жараёнлар (ўрганиш, эслаш, тафаккур, нутқ ва бошқалар) шартли рефлекслар билан боғлиқ. Ҳар қандай рефлекнинг моддий асосини рефлекс ёйи ташкил этади. Муайян таъсирловчига ихтисослашган рецепторлар бўлиши, нерв импульсларини бир йўналишда ўтказиш, нейронлар ўртасида синаптик боғланиш (қ. Синапслар), ишчи аъзода функционал жавобнинг вужудга келиши рефлектор ёйи учун хос бўлган хусусиятлар ҳисобланади. Рефлектор ёйининг марказий қисми келадиган ва чиқадиган импульсларни назорат қилиш тизимига эга. Сут эмизувчиларнинг марказий нерв тизимида энг содда рефлектор ёйи моносептик ёй ҳисобланади. Одатда, умуртқали ҳайвонлар марказий нерв тизими даги рефлектор ёйлари мия бўлимларидан ҳам ташқарига чиқадиган нерв ҳужайраларининг мураккаб туташувидан иборат.

Мия рефлекторининг ўзаро интеграцияланиши (мувофиклашуви) туфайли марказий нерв тизими бир бутун, изчил тизимда намоён бўлади. Интегратив тизимлар тахминан бир хилдаги функционал элементлардан иборат бўлади. Уларнинг элементлари сон жиҳатдан чекланган нерв жараёнлари (постсинаптик потенциалларни кузатувчи ва тормозловчи, жавоб берувчи потенциаллар) орқали ўзаро боғланган. Нисбатан содда тузилган интегратив тизимга мисол қилиб орқа мия рефлексини кўрсатиш мумкин. Нейронал прграммали интегратив тизим ҳам мавжуд. Бу тизим ташқи ва ички афферент сигналларга жавоб тариқасида кетма-кет содир бўладиган ва ўзаро қатъий мувофиқдашган рефлексларни ишга солади. Бу рефлекслар туфайли нафас олиш, ҳаракатланиш, ютиниш каби мураккаб жараёнлар амалга ошади. Мия дастаси интегратив тизими олдинги мияга ўтадиган ахборот ҳамда орқа мия мотонейронларига чиқадиган сигналлар оқими орқали бошқариб турилади. Эмоционал реакциялар асосини ҳам марказий нерв тизимининг бир қанча интегратив тизимлари ташкил этади. Мия дастаси нейронларининг махсус гуруҳи нейромедиаторлар (моноамилар, пептидлар, аминокислоталар ва бошқа(лар)) ишлаб чиқаради. Бу нейромедиаторлар аксонлари марказий нерв тизимининг функционал ихтисослашган махсус қисмига боради. Нейромедиаторлар нерв фаолиятини фаоллаштирувчи ёки тормозловчи нейромодуллаштирувчи тизимлар қаторига киради. Организмнинг тетиклигини сақлаб, киши табиатини ва туш кўришини бошқариб турувчи норадренэргик тизим; эмоционал реакциялар, мураккаб ҳаракатлар, тетиклик, ҳузур-ҳаловани сезишни бошқарувчи дофаминэргик тизим; терморегуляция, сезги, уйқуга кетишни бошқарувчи сератонинэргик тизим ҳам нейромодуллаштирувчи тизимга киради. Нейромодул ва интегратив тизимларнинг ўзаро таъсири туфайли марказий нерв тизимининг мураккаб физиологик жараёнларни бошқариш имконияти ошади.

[addtoany]