Кўз қовоғининг қайрилиб қолиши

Кўз қовоғининг қайрилиб қолиши – қовоқнинг кўз соққасига нисбатан туриш ҳолатининг ўзгариши. Кўпинча, қовоқнинг кприклар билан ичкарига – кўз соққаси томонга ёки ташқарига қайрилиши кузатилади. Қовоқнинг ичкарига қайрилиши қовоқда жойлашган айланма мушакнинг спастик қисқариши (блефроспазм) ёки тоғай ва шиллиқ пардадаги чандиқлар туфайли рўй беради. Киприкларнинг шиллиқ ва шох пардага мунтазам ишқаланиб туриши сурункали конъюнктивит, кератит ва шох парданинг ярасига олиб келади.

Қовоқнинг ташқарига қайрилиб қолиши спастик, чандиқли, паралитик ва қарилик туфайли бўлади. Қовоқлар ташқарига қайрилганда кўздан ёш оқади, қовоқнинг ички қираси кўздан ташқарига силжиб, шиллиқ парда ташқарига қараб қолади. У қизаради, калинлшади ва юзаси қурийди. Кўз тирқишининг бутунлай бекилмаслиги туфайли шох парданинг қуриши ва хираланиши ривожланади.

Даво кўз шифокори назорати остида олиб борилади. Қовоқ қайрилиб келишининг асосий сабабини топиб, дори-дармонлар ва лозим бўлганда пластик жарроҳлик усуллари қўлланади.

[addtoany]