Лапароскопия [юн. lapara – қорин ва …скопия], перитонеоскопия, абдминоскопия – қорин деворини тешиб, унга киргизилган эндоскоп ёрдамида қорин бўшлиғи ва ундаги аъзоларни текшириш усули. Биринчи бўлиб 1901 й. рус акушер-гинекологи Д. О. Отт таклиф қилган. Кейинчалик оптик асбоблар-лапароскоплар пайдо бўла бошлади, улар такомиллаштирилиб, соч толасидек нозик, эгилувчан хиллари ишлаб чиқарилди. Лпароскопнинг турли моделларидан [Maschida (АҚШ), Olympus (Япония), Karl-Storz (Германия)] ташхис қўйиш ва даволаш мақсадларида фойдаланилмоқда. Замонавий лапароскоп ва видеолапароскопларда (объектларни телевизор экранига чиқариб кўрсатади) қорин бўшлиғи ҳамда кичик чаноқ аъзоларидаги турли операция (аппендэктомия, холецистэктомия)ларни бемалол бажариш мумкин. Бунинг учун қорин бўшлиғи кенг очилмайди, балки 2 ёки 3 нуқтдан лапароскоп асбоблари киритилиб, улар орқали аъзони ажратиб олиш, оқаётган қон ёки бошқа бирор суюқлик (сафро, йирингли сўриб олиш, доривор моддалар юбориш, шунингдек, оптик мослама билан қорин бўшлиғида бажарилётган муолажани телеэкранга узатиш мумкин. Лапароскопик операциядан сўнг беморларнинг шифохонада ётиш муддати 3-4 кунни ташкил этади. Лапароскопия асептика қоидаларига бекаму кўст амал қилган ҳолда маҳаллий анестезия қилиб амалга оширилади. Текширилиши керак бўлган соҳа ёки аъзога қараб, лапароскопия учун тешиш жойи танланади.
[addtoany]