Лабиллик

Лабиллик [лот. labilis – сирпанувчан, беқарор] (физиологияда) – нерв ва мушак тўқималарининг функционал ҳаракатчанлиги; бунда тўқима таъсирланиш ритмида энг катта частота билан қўзғалади (қ. Қўзғалиш). Бу таълимотни фанга рус физиологи Н. Е. Введенский киритган (1892). Унинг таклифига биноан, қўзғалувчи тўқимага 1 сек. да бериладиган энг кўп таъсиротга тўқиманинг ўшанча миқдорда ҳаракат потенциаллари билан берган жавоб реакцияси лабиллик ўлчови қилиб олинади. Лабиллик тўқиманинг фаолияти жараёнида ортиб-камайиб туриши мумкин, бу таъсиротнинг кучи ва частотасига, нейро-гуморал таъсирларга (қ. Нейро-гуморал регуляция) боғлик. Йўғон нерв толалари энг катта лабилликка эга, улар 1 сек. да 500-600 импульс ўтказади. Тўқималарнинг функционал ҳолатини аниқлашда, шунингдек, меҳнат ва спорт физиологиясида лабиллик муҳим аҳамият касб этади.

Биология ва тиббиётда «Л.» ҳаракатчанликни, беқарорликни (масалан, кишиларнинг руҳияти, физиологик ҳолатини), яъни организмнинг ташқи ва ички омилларга нисбатан ўзгарувчанлигини англатади.

[addtoany]