Ларингит [ларинго… юн. itis – яллиғланиш] – лиқилдоқ шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Ўткир ва сурункали хиллари бор. Ўткир ларингит, кўпинча, катар, грипп, қизамиқ, скарлатина, кўкйўтал ва бошқа(лар), шунингдек, бутун организмнинг совқотиши, овоз бойламларига зўр келиши (бақириб гаплашиш), муздек ёки жуда иссиқ овқат истеъмол қилиш, тамаки чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш натижасида рўй беради. Ўткир ларингитда бемор томоғи кўриб, кирилиши, тирналишидан шикоят қилади; йўтал тутади, товуши бўғиқ, дўриллаган ёки бутунлай чиқмай қолади, баъзан ютинганда оғриқ пайдо бўлади. Ўткир ларингитнинг катарал, диффуз, геморрагик, флегмоноз ва бошқа(лар) шакллари фарқ қилинади.
Кўпинча, болаларда (хусусан, 6-8 ёшгача бўлган болаларда) ўткир ларингитнинг сохта круп (бўғма) шакли учрайди. Бу, одатда, экссудатив диатез ва бошқа(лар) аллергик касалликларга мойил болаларда кузатилади. Ўткир катарал ларингит тезда тузалиб кетиши, диффуз-геморрагик шакли эса оғирроқ кечиб, узоқ давом этиши мумкин. Флегмоноз ларингитда беморнинг аҳволи мушкуллашади, х-рати кўтарилади, ҳиқилдоқ соҳасида оғриқ пайдо бўлиб, ютиш қийинлашади ва х. к.
Ўткир Л. нинг бот-бот қўзиб туриши ва уни яхши даволамаслик, тамаки чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, овозни зўриктириб қўйиш (ўқитувчилар, лекторлар, ашулачиларда) ва бошқа(лар) сурункали Л. га сабаб бўлади. Сурункали Л. билан оғриган беморнинг товуши хириллаб бўғлади, тез толикади, кўпинча, йўталиб туради. Давоси: касалликнинг хили ва кечишига қараб физиотерапевтик муолажалар, доривор модалардан ингаляция буюрилади, организмни чиниқтириш, касбга оид зарарли моддаларни йўқотиш тавсия этилади.
[addtoany]