Лептоменингит [юн. leptos – юмшоқ ва menings – парда] – бош мия ва орқа миядаги ўргимчак тўрисимон юмшоқ пардаларнинг яллиғланиши (қ. Арахноидит); менингитга хос аломатлар ривожланиши, шунингдек, яллиғланиш туфайли орқа мия суюкдигида ўзгаришлар рўй бериши билан кечади.
Лептоменингитнинг ўткир ва сурункали шакли, адгезив (ёпишқоқ), геморрагик, йирингли, серозли, киста ҳосил қиладиган ва аралаш турлари фарқ қилинади. Қайси соҳа кўпроқ яллиғланганда қараб, касаллик ҳар хил кўринишда бўлади: бош мия асоси лептоменингитда оптохиазмал соҳа зарарланса, бир ёки иккала кўз хиралашади ёки кўр бўлиб қолади. Интерпедункуляр соҳа зарарланганда эса кўз соқкаси ҳаракати ўзгариб, кўзга нарсалар қўшалоқ кўринади ёки кўз юмилиб қолади ва ҳ. к.
Давоси, асосан, касалликка сабаб бўлган омилни бартараф этиш ва яллиғланишни камайтиришдан иборат.
[addtoany]