Лимфогранулематоз [лимфа ва лот. гранулёма] – лимфа тўқимасида учрайдиган хавфли ўсма. Асосан, лимфа тугунлари ва ички аъзолар: жигар, ўпка, талоқ, шунингдек, меъда-ичак йўли, нерв тизими, тери ва бошқа(лар) зарарланади. Биринчи марта инглиз шифокори Т. Хокин тавсиф этганлиги учун (1832 й.) Хожкин касаллиги деб ҳам аталади. Ҳамма ёшдаги кишиларда учрайди. Келиб чиқиш сабаби тўлиқ ўрганилмаган. Қайси аъзо ва лимфа тугунлари зарарланганлигига қараб, касаллик ҳар хил кечади. Ўткир лимфогранулематозда ҳарорат кўтарилади, лимфа тугунлари, жигар, талоқ катталашади, камқонлик авж олади, беморнинг дармони қурийди.
Кўпинча, лимфогранулематоз сурункали кечади. Рентгенологик текширишларга қараб ташхис қўйилади. Касалликнинг олдини олиш учун ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш зарур. Давоси: жарроҳлик, кимётерапия ёки нур буюрилади.
[addtoany]