Липидлар

Липидлар [юн. lipos – ёғ] – барча тирик ҳужайралар таркибида бўладиган ёғсимон моддалар. Тирик организм ҳаёт фаолиятида липидлар муҳим аҳамиятга эга. Липидлар биологик мембрананинг асосий компонентларидан бири бўлиб, ҳужайраларнинг ўтказувчанлигига, кўпгина ферментларнинг фаоллигига таъсир кўрсатади, нерв импульсини узатишда, мушаклар қисқаришида, ҳужайралараро контактларни юзага келтиришда ва иммунокимёвий жараёнларда қатнашади. Липидларнинг яна бир вазифаси энергия резерви, ҳайвон ва ўсимликларда сув кочиручи ҳимоя ва термоизоляция қопламаси ҳосил қилиш, шунингдек, турли аъзоларни механик таъсирлардан сақлашдан иборат.

Кўпчилик липидлар юқори ёғ кислоталари, спиртлар ёки альдегидларнинг ҳосилаларидир. Кимёвий таркибига кўра, липидлар бир неча синфга бўлинади. Оддий липидлар ёғ кислоталари (ёки альдегидлар) ва спиртлар қолдиғидан таркиб топган моддалардан иборат. Буларга ёғлар (триглицридлар ва бошқа(лар) табиий глицеридлар), мум (ёғ кислоталари ва ёғ спиртлари эфирлари) ва диод Л. (ёғ кислоталари ва этиленгликол ёки б. икки атомли спиртлар эфирлари) киради. Мураккаб Л. ортофосфат кислота ҳосилалари (фосфолипидлар) ҳамда қанд қолдиқлари (гликолпидлар)дан таркиб топган моддалардан иборат. Мураккаб Л. молекулаларида кўп атомли спиртлар – глицерин (глицеринфосфатидлар) ёки сфингозин (сфинголипидлар) ҳам бўлади. Кўпчилик Л. сирт фаол моддалар ҳисобланади. Липидлар организмда липазапар таъсирида ферментатив гидролизга учрайди. Бу жараёнда ажралиб чиқаётган ёғ кислоталар (аденозинтрифосфат кислоталар – АТФ) ва кофермент А билан таъсирлашиб фаоллашади, сўнгра оксидланади. Кўпчилик Л. ҳужайраларда оқсиллар билан комплекс мураккаб моддалар (липопротеидлар) ҳолида бўлади.

Липидлар экстракция усули билан олинади. Озиқ-овқат сифатида, тиббиётда касалларни даволашда ҳамда турли саноат тармоқларида ишлатилади (яна қ. Ёғ).

Загрузка...