Мальтоза

Мальтоза [инг. malt – солод], солод қанди – табиий дисахарид; глюкозанинг икки қолдиғидан иборат. Ундирилган арпа, жавдар ва бошқа(лар) донларда кўп. Помидорда, бир қанча ўсимликларнинг чанги ва гул ширасида ҳам топилган. Сувда яхши эрийди, таъми ширин. Ҳайвон ва ўсимликлар организмида крахмал ва гликогеннинг фермент таъсирида парчаланишидан ҳосил бўлади, а-глюкозидаза ёки малтаза ферменти таъсирида мальтоза глюкозанинг икки қолдиғигача парчаланади. Бу фермент одам ва ҳайвоннинг ҳазм ширасида, ундирилган дон, моғор замбуруғлари, ачитқиларда бўлади. Одам ичагининг шиллиқ пардасида мальтаза бўлмаса, киши мальтозани кўтара олмасликдек оғир ирсий касалликка йўлиқади. Бунда Беморга мальтоза, крахмал ва гликогенсиз ёки мальтаза ферменти қўшилган овқат берилади.

[addtoany]