Массаж [араб. – қўл тегизмоқ] – физиотерапевтик даволаш усули. Тана ёки бирор аъзога махсус усулда таъсир этиш. Қўл билан бажарилади, баъзан асбоблар ишлатилади (вибромассаж). Массажнинг организмга таъсир механизмида нерв ва гуморал омиллар муҳим роль ўйнайди. Массаж таъсирида терида биологик фаол моддалар ҳосил бўлиб қонга тушади, улар томир реакцияларида, нерв импульсларини ўтказишда ва бошқаларда қатнашади. Массаж бевосита таъсир қилган жойида тўқималарга механик таъсир ҳам кўрсатиб, лимфа, қон, тўқималар орасидаги суюқлик циркуляцияси кучаяди. Натижада қон ва лимфа димланиши йўқолиб, моддалар алмашинуви ва массаж қилинаётган жой териси орқали нафас олиш кучаяди. Массаж юрак-томир тизими ишини яхшилайди. Капиллярни кенгайтириб, массаж қилинаётган соҳанигина эмас, балки ундан узоқдаги тўқималарнинг ҳам (рефлектор йўл билан) қон билан мўл таъминланишига имкон беради: қоннинг артерия ва веналардан оқиши ривожланади. Массаж муолажасидан сўнг умумий аҳвол яхшиланади, чарчоқ йўқолади. Умумий (бутун тана) ва маҳаллий (тананинг бир қисми, масалан, қўл ёки оёқ панжаси) массаж бор.
Асосий усуллари: силаш, уқалаш ва қоқиб қўйиш.
Силаш – М. нинг бошқа усулларини бошлашдан олдин ва тугалланаётганда қўлланади.
Уқалаш – бирмунча тез бажарилади, бунда тери ва тери остидаги тўқималар турли йўналишда жойидан қўзғатилади ёки чўзилади. Уқаланган жой устидан силанади.
Ийлаш – М. нинг мураккаброқ усули. Бунда фақат юза тўқималаргина эмас, балки чуқур жойлашган мушаклар ҳам таъсирланади. Массажнинг бу усули тўқималарни ушлаш, кўтариш, босиш ва чўзишдан иборат.
Қоқиб қўйиш ёки «вибрация» – танага теранувчи (титроқ) ҳаракат беришдан иборат, уни қўл ёки махсус М. аппаратлари ёрдамида турли жадаллик ва тебраниш билан бажарилади.
Массажнинг спорт массажи, шифобахш, гигиеник ва косметик каби турлари бор. Спорт М. ида спортчининг ҳамма мушак гуруҳларига кетма-кет таъсир этилади.
Шифобахш М. шифокор кўрсатмаси бўйича таянч-ҳаракат аппарати, бўғим ва моддалар алмашинувининг бузилиш касалликлари, радикулит, контрактура (бўғим ҳаракатининг вақтинча ёки бутунлай чекланиши) ва бошқа(лар)да комплекс даволаш билан бирга қилинади. Массажнинг бошқа турлари чарчоқни босиш ва куч-куввани тиклаш, одатда, жисмоний машқлар, сув муолажалари, эрталабки гимнастика билан бирга олиб борилади. Бундай М. хушбичим ва бардам бўлишга имкон беради. Ўз-ўзини уқалаш қилиш гигиеник М. нинг бир шакли. Муолажани махсус ўргатилган массажчилар ёки беморнинг яқин кишилари (тиббиёт ходимидан ўрганиб олиб) қилишлари мумкин. Косметик М. косметлог-врач тавсиясига кўра, сонларни мустаҳкамлаш, юздаги нуқсонларни йўқотиш мақсадида қўлланади.
Юрак М. и – юрак тўхтаб қолганда одамни жойлаштириш усули; бунда юрак ритмик равишда бевосита (кўкрак қафаси очилиб бажариладиган операцияларда) ёки бавосита (кўкрак цафасит ёрмасдан биринчи ёрдам кўрсатишда) кисилади.
[addtoany]