Меланоцитлар

Меланоцитлар [мелано… ва юн. cytus – бу ерда ҳужайра] – одам ва умуртқали ҳайвонларнинг пигмент ҳужайралари, меланинни синтез қилади (қ. Меланинлар). Меланоцитлар 2 хил бўлади: 1) эркин меланоцитлар (тери, тукли фолликулалар, мия пардалари, кўзнинг томирли пардаси ва ҳ. к.] – нерв болишларидан пайдо бўлиб, нерв найчалари ёпилган даврда рангсиз, ҳаракатчан ҳужайралар – меланобластлар ҳолида тананинг турли қисмларига тарқалади; 2) эпителиал меланоцитлар (кўз цилиар бурмалари, рангдор ва тўр пардасининг пигментли эпителийси] – кўзнинг бирламчи бошланғич ҳужайраларидан вужудга келади. Альбиносларда меланоцитлар рангсиз; уларда фаол тирозиназалар йўқлиги учун меланинлар синтезланмайди.

[addtoany]